Американча футболнинг собиқ ўйинчиси Антонио Армстронг ва унинг рафиқаси Хьюстондаги уйларида отиб кетилдилар. Жуфтликнинг қотиллиги бўйича айблов уларнинг 16 ёшли ўғлига эълон қилинди, деб хабар бермоқда Сlick2houston.

Жуфтлик 29 июлда ўлдирилган. Уларнинг жасадлари ётоқхоналарида аниқланган. Футболчининг рафиқаси воқеа жойида ҳалок бўлган, футболчи эса бошидан ўқотар жароҳат билан шифохонага етказилган ва кейинроқ у ерда жон берган. 

Полиция маълумотларига кўра, отишма вақтида футболчининг 3 фарзандидан икки нафари уйда бўлган. Улардан ҳеч ким жабрланмаган. 

Қотилликнинг мумкин бўлган сабаблари маълум қилинмаган. Терговчиларнинг айтишича, уйга кимнингдир бостириб киргани аломатлари ва ётоқхонада курашиш излари борлиги аниқланмаган.
Полиция Армстронглар оиласи "намунали" оила, 43 ёшли футболчининг ўзи эса оиланинг ғамхўр бошлиғи, рафиқаси эса "бағрикенг она" сифатида таърифлаган.