Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўған эълон қилдики, мамлакатда давлат тўнтаришига уринишдан кейин барча ҳарбий мактаблар ёпилади. Бу ҳақда  Reuters агентлиги A Haber телеканалига асосланиб хабар тарқатган.

Президентнинг сўзларига кўра, барча мактаблар Миллий мудофаа университетига бирлаштирилади. Яқин вақтлар ичида Resmi Gazete номли ҳукуматнинг расмий нашрида бу ҳақида расман эълон қилинади.

Бундан олдинроқ, Туркияда ҳарбий тўнтарув ҳаракатидан кейин қўлга олинган 758 нафар ҳарбий озод қилингани ҳақида хабар берилганди.

16 июлга ўтар кечаси Туркияда исёнчи гуруҳлар ҳарбий тўнтарув ҳаракатини амалга оширишди. Асосий тўқнашувлар Анқара ва Истанбул шаҳарларида бўлиб ўтди. Сўнгги маълумотларга кўра, бунинг натижасида 246 нафар турк фуқароси ҳалок бўлган (исёнчиларни ҳисобга олмаганда), 2 мингдан ортиқ киши жароҳат олган.