Миллий демократик конвенция Ҳиллари Клинтонни АҚШ президентлигига номзод сифатида кўрсатди. Мамлакат тарихида биринчи марта аёл кишини энг катта партия қўллаб-қувватламоқда ва жорий йилнинг куз ойида бўлиб ўтадиган сайловларда у Американинг илк аёл президенти бўлишга ҳаракат қилади.

Энди Клинтоннинг мавқеи расман тасдиқлангандан кейин унинг қарашлари ва иқтисодий платформаси етакчи ўринни эгаллайди. Хўш, демократлар партияси етакчисининг хўжалик, солиқ ва молия сиёсатидан қайси компаниялар фойда кўришади? Бу жавобга ҳеч ким аниқ жавоб бера олмайди, лекин бироз фикр юритилса, қуйидаги компанияларнинг бундай вазиятда омади чопишини англаш қийин эмас:

 

Textron

Клинтон ва Трампнинг нуқтаи назари кўп ҳолларда тўғри келмайди, бироқ мамлакатнинг мудофаа салоҳиятини ўстириш зарурлиги масаласида улар бир хил фикрлашади.

Textron компанияси ҳарбий ва фуқаролик мақсадида фойдаланиладиган ерусти ва ҳаво транспортини ишлаб чиқариш билан шуғулланади. Бундан ташқари, у кўплаб компонентларни ишлаб чиқаради. Ҳаммаси бир бўлиб, ҳарбийларнинг кенг кўламли логистик эҳтиёжларига жавоб берувчи ажойиб маҳсулотлар мажмуини ташкил этади.

 

Aecom

Aecom ҳақида ҳеч эшитганмисиз? Аксарият кишилар бу компания тўғрисида билишмайди ва бу табиий ҳол.

Aecom — асосан инфратузилма лойиҳалари билан шуғулланувчи қурилиш компанияси. Федерал ҳукумат унинг энг йирик мижозларидан бири ҳисобланади, Ҳиллари Клинтон президент этиб сайланганидан кейин эса буюртмалар янада кўпаяди - унинг сайловолди платформаси Америка учун зарур бўлган йўллар, кўприклар ва коммунал хизматлар модернизациясига асосланган.

Фикрлаш учун маълумот: Клинтон АҚШ инфратузилмаси ривожи учун 275 миллиард доллар ажратишни ваъда қилмоқда. Бу Америка тарихидаги энг йирик инфратузилма лойиҳаси бўлади. Aecom бундан фақат даромад кўради. Компания нафақат йўллар, шоссе ва туннелларни қайта таъмирлаш билан шуғулланади, балки булардан бошқа катта лойиҳаларда ҳам иштирок этади.

 

Community Health Systems

Дональд Трамп ва Ҳиллари Клинтоннинг мамлакат мудофааси масаласида фикрлари бир жойдан чиққан бўлса-да, уларнинг соғлиқни сақлаш соҳасида федерал ҳукуматнинг ролига бўлган муносабатлари кескин фарқ қилади. Трамп Obamacare номи билан танилган АҚШнинг Соғлиқни сақлаш ислоҳоти тўғрисидаги қонунни бекор қилмоқчи. Клинтон эса суғурталанган шахслар сонини кўпайтириш тарафдори. Соғлиқни сақлаш тизими томонидан суғурталаниш имкони бўлмаган 30 миллион аҳоли ниҳоят суғурталаниш ҳуқуқини қўлга киритади.

 

First Solar

Барак Обама Американи қазиб олинадиган энергия манбаларидан қайта тикланадиган ва экологик тоза манбаларга ўтказишга ҳаракат қилган. Унинг президент лавозимида фаолият кўрсатган даврида электр энергиясида кўмирнинг улуши 48 фоиздан (2008 йилдан) 33 фоизга (2015 йилгача) пасайди. Қайта тикланувчи манбалар эса - аксинча, мамлакатдаги 7 фоиз электр энергияси учун масъулиятни ўз зиммасига олди (таққослаш учун 2008 йилда бу кўрсаткич 3,5 фоиздан иборат бўлган).

Ўз навбатида, Ҳиллари Клинтон ҳам экологияга минимал таъсир ўтказиш тарафдори. У кўпроқ қуёш энергиясини фаоллаштирмоқчи. Клинтон президент бўлса, бу қуёш панелларини ишлаб чиқарувчиларни қувонтиради. У 2020 йилга бориб, уларнинг сонини 500 миллионга чиқаришга ваъда берди, бу эса ҳозирги ҳолатдан 7 баробар кўп, демакдир. Бошқача қилиб айтганда, у ғалаба қозонса, қуёш панелларининг йирик ишлаб чиқарувчиси ҳисобланган First Solar корпорацияси катта фойда кўради.

 

Procter & Gamble

Баъзилар истеъмолчи маҳсулотларга доим инвестиция қилиш мумкин, деб айтиши мумкин, ахир одамлар доим еб-ичишади ва ювинишади. Бироқ Procter & Gamble каби йирик сектор вакиллари Клинтоннинг ғалабасидан фойда кўриши муқаррар, бу долларнинг курсига боғлиқ. Экспертларнинг изоҳлашича, икки номзоднинг орасидан Клинтон долларни камроқ ҳимоя қилади. Ҳозирда Америка валютаси экспортчилар учун жуда юқори ҳисобланади. Шунингдек Клинтон эркин савдони ёқлайди. Долларнинг кучи Procter & Gamble учун доим бош оғриқ бўлиб келган; компания даромадининг 60 фоизи хорижга тўғри келади. Агар доллар курси бу қадар баланд бўлмаганида, компаниянинг даромади сезиларли равишда ўсаётган бўлар эди.

 

Smith & Wesson

Бу ҳазил эмас - ҳаттоки қурол олиб юришга қарши чиқувчи Клинтон ғалаба қозонган тақдирда ҳам Smith & Wesson акцияларини харид қилиш керак. Бироқ битим вақт томонидан чекланган. Демократлар номзоди қурол олиб юриш ҳақидаги қонунга ўзгартириш киритиши мумкин. Бу уни сотиб олишни қийинлаштиради. Унинг твиттердаги ёзуви кўп нарсадан далолат беради: "Агар Конгресс қуролли тажовузкорлик эпидемиясини тўхтатмаса, мен бунга нисбатан маъмурий чоралар кўраман". Бу гаплардан Клинтоннинг бу ишга жиддий киришганини англаш қийин эмас. Шу боис сайловгача қурол харид қилишни истаганлар буни тезроқ амалга оширишга ҳаракат қилишади. Олдиндаги бир неча ой ёки йил Smith & Wesson учун қўл келиши эҳтимоли катта. Бироқ Клинтон билан Smith & Wesson'нинг даромадли онлари узоққа чўзилмаслиги аниқ.

 

Akorn

Ўтган йилнинг 21 сентябрида Клинтон Twitter'да шундай ёзув қолдирган: "Дори-дармон препаратларининг бундай кескин ўсиши ақлга сиғмайди. Эртага мен бу билан курашга киришаман". Унинг сўзлари бутун биотехнология соҳаси ходимларини ҳушёрликка чақирди - Клинтон президент бўлган тақдирда, дори препаратларининг оқланмаган юқори нархлар даврига нуқта қўйилиши мумкин. Ўшандан бери оддий твит бутун бошли режага айланган. Унга кўра, соғлиқни сақлаш дастури доирасида қимматбаҳо дорилар сотиб олиш ўрнига имкон қадар уларнинг арзон ўриндошлари харид қилинади. Бу эса Akorn'га омад олиб келиши шубҳасиз.

 

 Wal-Mart

Оқ уйнинг сиёсати Wal-Mart Stores'нинг чакана савдосига қандай таъсир кўрсатиши мумкин дерсиз? Аслида бунинг бир неча йўли бор. Улардан бири - маошларни ошириш истиқболи. Иш ҳақининг минимал ҳажмини ошириш учун ҳаракатлар ҳозирданоқ бошланган, Клинтоннинг ғалабасидан кейин бу ҳаракатлар янада кучаяди. Демократлар номзоди энг кам иш ҳақини соатига 12 долларгача кўтаришни режалаштирган. Шундай бўлган тақдирда, 35 миллион америкаликнинг маоши 40-50 фоизга кўпаяди. Аввал бундай имконияти бўлмаган кишилар Wal-Mart'дан харид қилиш имконига эга бўлишади. Wal-Mart акцияларини сотиб олишнинг яна бир муҳим сабаби: Клинтон ҳеч қачон Америка компанияларини инқирозга олиб келадиган савдо битимларини тузмайди. Wal-Mart учун эса бу муҳим аҳамият касб этади.