«Челси» жамоаси бош мураббийи Антонио Конте Халқаро чемпионлар кубоги доирасида «Реал»га қарши кечган ва 2:3 ҳисобидаги мағлубият билан тугаган ўйиндан кейинги фикрларини билдириб ўтди.

«Дунёнинг энг кучли клубларидан бирига қарши ўйнаш осон эмасди. Қолаверса 5 соатлик парвоздан кейин дам олиш учун етарли вақт бўлмади. Мен футболчилар толиққанини билардим. Бу ўйин биз учун муҳим эди. Ўйин орқали жамоа ўйинида тўп билан ҳаракатланиш ва тўпсиз ҳаракатланиш қай даражада фарқли эканини кўриб олдим. Агар биз жамоавий бўлиб тўпсиз ҳаракатланишни уддалай олмасак, яна бир қўрқинчли мавсумни ўтказамиз. Бугун ҳимоя вакиллари бир-бирларини тушунмай ҳаракат қилишди. Лекин мудофаа чизиғига эътибор қаратиш муҳим. Аввалги ўйинларимизда бундай камчилик бўлмаганди.

Айтишим мумкинки, бугун футболчилар тўп билан яхши ҳаракатланишди, тўпсиз қолишганда эса бунинга акси бўлди.

Диққатни жамлаш ва кучни ўйиннинг тўлиқ дақиқасига тенг тақсимлаш ўта муҳим. Мен тўпсиз ўйнаш жисмонан қандай оғирлигини тушунаман. Лекин биз буни уддалай олмасак, ғалаба қозона олмаймиз. Агар таркибдаги баъзи футболчилар ҳимояда яхшироқ ўйнашмаса, биз ютқазишда давом этамиз.

Менинг вазифам — жамоа қуриш. Ўзим ҳам футболчи бўлганман ва айтишим мумкинки, агар биз майдонда ҳам, унинг ташқарисида ҳам яхлит жамоага айлана олмасак, муваффақият қозона олмаймиз. Биз бир бутун оила бўлишимиз керак. Ўтган мавсумда шу нарса етишмаганди. Агар бунга эриша олмасак, яна ютқазаверамиз», — дея Контенинг сўзларини келтиради «Челси»нинг расмий сайти.

Манба: Tribuna.uz