Россиялик қўшиқчилар Дима Билан ва Полина Гагарина Бразилияда Олимпия машъаласини олиб ўтдилар.  

Бу шарафли вазифани бажариш учун артистлар Риога аввалроқ келдилар ва шаҳарнинг диққатга сазовор жойлари билан танишиб чиқишга улгурдилар. Улар ўз мухлисларини кутишга мажбур қилмай, бу ҳақда ижтимоий тармоқларда бўлишишга шошилдилар.

Полина Гагарина инстаграмда "Риода қўшимча пул топмоқдамиз" деб изоҳ қолдирган видеони чоп этди. Видеода Гагарина кўча машшоғига жўр бўлиб куйлаётгани ва рақсга тушаётгани тасвирланган. Видеода "Евровидение-2008" ғолиби Дима Билан ҳам кўриниш бериб, у ҳам ўзини тута олмай рақсга тушиб кетган. 

Гагарина обуначилари бу завқли роликка қуйидагича изоҳлар қолдирдилар: "Зўр, болалар, сиз энг зўрсиз", "Ажойиб! Билан – супер-раққос", "Кайфиятни кўтардингиз! Сизларни ёнингизда бўлиб қолгим келди!", "Полина, сизнинг овозингиз супер!".  

Ўз навбатида Билан ҳам ўз саҳифасида бу сайрдан суратлар билан бўлишди.

Қўшиқчилар Олимпия машъаласи эстафетасининг ўз босқичларини худди шундай жўшқинлик билан югуриб ўтдилар. Бу босқич Рио атрофидаги Вила-Констансия аҳоли пункти орқали ўтди. Биринчи бўлиб машъалани Билан олиб ўтди, сўнгра уни Полинага топширди. 
Гагарина мусобақаларнинг ташкилий қўмитаси твиттерида чоп этилган, ушбу ҳолат тасвирланган видеода ўз таассуротлари билан бўлишди: "Бу мен учун тарихий онлар бўлди. Мен шунчалик тўлқинланиб кетдимки, йиғлаб юбордим. Бундай ҳис-туйғуларга тайёр эмасдим".