Кувайт олий суди Миллий олимпия қўмиталари уюшмаси раҳбари шайх Аҳмад Ал-Фаҳод Ал-Сабоҳдан мамлакат суд тизимини ҳақоратлаганлик иши бўйича айбловларни бекор қилди.

Шунингдек Осиё Олимпия кенгаши раҳбари ҳисобланадиган шайх Аҳмад тегишли исботлари борлигини айтиб, 2013 йилда Кувайт ҳукуматининг икки аъзосини пулларни ювишда, давлат маблағларидан ноўрин фойдаланишда ва ҳукуматга қарши фитнада айблаган. Швейцария суди шайх томондан тақдим қилинган ҳужжатлар ҳақиқий эканлигини тан олган, бироқ Кувайт суди айбловларни ёлғон деб рад этган. Шу туфайли шайх судьяларни танқид қилган.

Декабрда шайх 6 ойлик қамоқ жазосига маҳкум қилинган ва 3000 еврога жаримага тортилган. Бироқ тез орада Кувайт аппеляция суди бу қарорни бекор қилган.

Кувайт терма жамоаси 2016 йилги Олимпиададан мамлакатда қабул қилинган спорт қонуни сабабли четлатилди. Кўпчилик танқидчилар бу қонунни "инсон ҳуқуқларига хавф солувчи" деб таърифлаганлар. Кувайт шунингдек 15 та халқаро федерация, жумладан ФИФА раҳбарлигида ўтадиган ҳар қандай тадбирлардан четлатилган.