Хитой халқ озодлик армияси юқори лавозимли генерали Цюй Жуй терговчилар саволларига жавоб бермоқда. Ўтган йилги ҳарбий парадни ташкил этиш учун масъул бўлган ҳарбий мулозим коррупцияда гумон қилинмоқда, деб ёзган Ҳонгконгнинг South China Morning Post нашри Хитой армиясидаги ўз манбаларига асосланган ҳолда. 

Газета маълумотларига кўра, генерал-майор ўтган ҳафта 27-июлда ҳибсга олинган. У, ХХР Марказий ҳарбий кенгаши интизомини текшириш бўйича Комиссия ўтказаётган тергов ишларининг асосий иштирокчиси бўлиб турибди. 

Ҳозирча, ҳарбий мулозим айнан қандай жиноятларни содир этганликда гумон қилинаётганига ойдинлик киритилмаган. Аммо, газета манбасининг айтишича, бу Цюй Жуйнинг аввалги лавозими билан боғлиқ бўлиши мумкин. Генерал, бундан аввал, Бош штабнинг Бешинчи департаментининг ҳарбий қурол-яроғлар ва мулк бўйича бўлимларидан бирига раҳбарлик қилган.