Хорижлик сайёҳлар бўлган автомобиль Боливиянинг асосий диққатга сазовор жойларидан бири бўлган Уюни шаҳри яқинида ағдарилиб кетди. 31 июлда маҳаллий полиция бошлиғи Родольфо Саласар автоҳалокат оқибатида 5 киши ҳалок бўлгани, 3 киши жабрланганини маълум қилган.

ЙТҲ қурбонлари орасида Бельгия, Италия ва перулик сайёҳлар бўлган. Яна бир перулик аёл оғир аҳволда шифохонага етказилган. Ҳайдовчи ҳибсга олинган. Маълум қилинишича, у ҳам жароҳатлар олган, бироқ унинг ҳаёти хавф остида эмас.

Автоҳалокат Уюни шаҳридан 45 км узоқликда юз берган. Дастлабки маълумотларга кўра, ЙТҲга тезликнинг оширилиши сабаб бўлган.