Британиялик енгил атлетикачи Кадина Кокс Риода бўлиб ўтадиган Паралимпиада ўйинларида иккита спорт турида қатнашади. У енгил атлетикадан ташқари велоспорт бўйича ҳам Британия терма жамоаси шарафини ҳимоя қилади.

Кокс велоспорт бўйича жаҳон чемпиони ҳисобланади. «Паралимиадада қатнашиш учун мени танлашганидан хурсандман. Менда жаҳон чемионати олтин медали бор, умид қиламан, унинг ёнига Паралимпиада олтин медали ҳам қўшилади»,- дейди спортчи.

Агар Кокс ҳар икки спортда ҳам совриндор бўладиган бўлса, ҳамюрти Изабел Баррдан кейин битта мусобақада икки тур бўйича совриндор бўлган биринчи паралимпиадачи бўлади. 1988 йилда Барр ядро, диск ва сопқон улоқтириш мусобақаларида совриндор бўлган. Бундан ташқари пневматик милтиқдан ўқ отишда ҳам шохсупага кўтарилган.

Паралимпиада ўйинлари 7-18 сентябр кунлари Рио-де-Жанейрода ўтказилади.