42 ёшли собиқ футбол юлдузи Дэвид Бекхэмни кўплаб машҳур брендларнинг реклама роликларида суратга тушишга таклиф қилишади. Бир неча кун аввал интернетда Бекхэм суратга тушган Sky Sports каналидаги янги спорт мавсумининг промо-ролиги пайдо бўлди.  
 
"Тонг, оддий инглиз шаҳри. Пенсиядаги футбол юлдузи Дэвид Бекхэм югуришга отланмоқда ... ва бутун футбол мавсумининг ҳис-туйғуларини бошдан кечирмоқда: лиқ тўла фанатлар баридаги тиқилинч, "Эмирейтс" стадионига сафар, қорли "боксинг дэй". Ролик муаллифлари буларнинг барчасини 60 сониялик промороликка сиғдира олишган", деб ёзмоқда sovsport.ru.

"Бу ролик футбол майдонида нима юз беришини ҳеч қачон олдиндан айтиб бўлмаслигининг ажойиб исботидир", деб айтди Бекхэм.

Суратга олиш ишлари май ойида Лондон, Дербишир ва Манчестер шаҳарларида бўлиб ўтди. Роликда "Мидлсбро", "Лестер", "Куинз Парк Рейнжерс", "Борнмут", "Арсенал", "Манчестер Юнайтед" ва "Манчестер Сити" жамоаларининг атрибутикаларини кўриш мумкин.

Ролик муаллифлари турли об-ҳаво шароитларини яратиш учун ўт ўчириш машинасини ҳам ижарага олишларига тўғри келди. Суратга олиш ишларининг бир қисми собиқ профессионал скейтер Майрон Мэнс томонидан роликларда ҳаракатланган ҳолда камерага олинди.