Туркия фуқаролари учун Европага визанинг бекор қилиниши Туркиянинг аксилтеррорчиликка қарши қонунчилиги мутаносиблигини ўз ичига олади. Бу мутаносиблик журналистлар ва олимларнинг фақатгина ўз фикрларини билдирганлари учун ҳибсга олишга ижозат бермаслиги керак, деб айтди Еврокомиссия (ЕК) расмий вакили Мина Андреева.

Андреева ЕКнинг Туркия томонидан визаларнинг бекор қилиниши учун шартларни бажариши ҳақидаги охирги ҳисоботида Анқарага кўпроқ вақт талаб этиладиган 2 та шарт ва яқин орада бажариши керак бўлган 5 та шарт борлигини эслатиб ўтди. Бу шартлар орасида аксилтеррорчилик қонунчилигини ўзгартириш ҳам бор.

Андрееванинг айтишича, бу ислоҳот "ўз фикрларини зўравонликсиз ифода этувчи ва зўравонликни қўллашга чорламайдиган журналист ва профессор каби одамларни турмага қамамаслик ва уларга ўз фикрларини билдирганлари учун террорчилик қонунчилиги асосида айблов қўймасликни назарда тутади". 

"Биз турк ҳукумати билан бу мутаносиблик элементи турк қонунчилигига киритилиши устида ишлашни давом эттирмоқдамиз", деб айтди Андреева.