"Формула-1" пойгаси бош промоутери Берни Экклстоуннинг рафиқаси бўлмиш Фабиана Флосининг онаси Апаресиду Шунк Бразилия полицияси томонидан озод қилинди. Бу ҳақда Би-би-си хабар тарқатди.

Ўғрилик 22 июль куни содир этилганди. Жиноятчилар 120 миллион реал (36,5 млн доллар) миқдорида товон пули талаб қилишган. Улар бу маблағ фунт стерлингда, 4 сумкага жойланган ҳолда етказилишини исташганди.

Сан-Паулу полициясининг маълум қилишича, 85 ёшли Экклстоуннинг 67 ёшли қайнонаси Шункни Бразилиянинг Сан-Паулу штати ҳудудидаги Котия шаҳарчасидан топишган. Полиция 2 жиноятчини қўлга туширган, улар талаб қилган маблағ тўланмаган. 

Экклстоун 2012 йили 38 ёшли Флосига уйланганди. Унинг молиявий ҳолати Forbes томонидан 3,1 миллиард долларга баҳоланган.