Ижтимоий тармоқларда бугун Суриянинг Идлиб вилояти ҳудудида маҳаллий жангарилар томонидан уриб туширилган, Россия Ҳарбий Космик кучларига тегишли бўлган Ми-8 русумли ҳарбий вертолёт бортида бўлганларнинг буюмлари суратлари тарқалди.

Ҳаво кемасида беш киши – уч нафар экипаж аъзоси ҳамда икки нафар офицер бўлган.

Бундай суратлар Идлиб ҳудудидаги жангарилар томонидан твиттер орқали тарқатилмоқда.

Суратлардан бирида икки россиялик ҳайдовчининг гувоҳномаси кўрсатилган. Шахсий буюмлар қаторида православлар иконаси ҳам бор.

Бундан олдинроқ Идлиб ҳудудида ҳарбий вертолёт уриб туширилгани, кейинроқ бу вертолёт Россия ҲҲК таркибидаги вертолёт бўлгани айтилганди.

Суриядаги Al Masdar News вертолёт "Жайиш ал-Фатҳ" гуруҳи жойлашган ҳудуд устидан учаётганида уриб туширилганини маълум қилди.