Москвада 1-августдан автомобиллар тўхташ жойи учун овоз ёрдамида ҳақ тўлаш тизими ишга туширилди. Тўлов телефон қўнғироғи орқали амалга оширилади, деб хабар қилмоқда ТАСС агентлиги Москва шаҳар транспорт департаменти раҳбари Максим Ликсутовга асосланган ҳолда.
 
«Биз дунёда биринчи бўлиб, автотураргоҳ учун бундай тўлов тизимини ишга туширдик. Бунда, фойдаланувчи тўхтаб туриш вақтини мустақил равишда белгилай олади. Бунинг учун, SMS хабар ҳам юбормайди, мобиль иловасини ҳам ишга тушириши шарт эмас. У шунчаки, барча буйруқларни овоз билан беради», — деган Ликсутов. 

Унинг таъкидлашича, шаҳар маъмурияти тизим фаолиятини ва москваликларнинг янгилик ҳақидаги фикрини ўрганади. 

Тизим автоматик тарзда овозли сўзларни аниқлаб, уни тасдиқлатиш учун ҳайдовчига такрорлайди. Шундан сўнг, автотураргоҳда рўйхатга олингани тўғрисида қўшимча равишда SMS хабар юборилади.