Олмаотадаги теракт натижасида жиддий жароҳат олган яна икки нафар полиция ходими шифохонада ҳаётдан кўз юмди. Бу ҳақида шаҳар ички ишлар бошқармасининг матбуот хизмати хабар қилди. 
“Шошилинч тез ёрдам кўрсатиш шифохонасининг жонлантириш бўлимида Руслан Кулебеков томонидан амалга оширилган теракт натижасида жиддий жароҳат олган 2 полиция ходими ҳаётдан кўз юмди”, - дейилади бошқарма хабарида. Шифокорлар имкон қадар  уларнинг ҳаётини сақлаб қолишга ҳаракат қилганликлари, бироқ жароҳатлар жуда жиддий бўлганлиги таъкидланмоқда.
18 июль куни Олмаотада Алмали тумани ИИБ ҳамда Қозоғистон миллий хавфсизлик хизмати департаменти биноларига ҳужум уюштирилиб, бунинг натижасида ҳуқуқ-тартибот органларининг 4 нафар ходими, чегарачи ва истеъфодаги ИИВ ходими ҳалок бўлган. Ўтказилган аксилтеррор операцияси давомида Қизилўрда вилоятининг 27 ёшли фуқароси Руслан Кулибеков қўлга олинди. Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбаев Олмаотада рўй берган воқеани теракт деб атади.