Ўзбекистонда 2016 йил сўнгига қадар 400 та қуёш фотоэлектрстанцияси ўрнатиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон давлат табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси матбуот хизмати хабар бермоқда.

Ташкилот маълумотига кўра, «Эко-Энергия» илмий-тадқиқот маркази 2016 йилнинг биринчи ярим йилида 197 та ана шундай станция ўрнатишга муваффақ бўлган.
«Жорий йил сўнгига қадар нефтегаз ва кимё саноатида, мактаб ва тиббий муассасаларда, Меҳрибонлик ва Қариялар уйига ҳамда фермер хўжаликларида ана шундай станциялар иш бошлайди», - дейилади қўмита хабарида.

Бундан ташқари, ташкилотнинг хабар беришича, Тошкентдаги Пушкин майдонида аккумуляторли қуёш энергиясида ишловчи диодли кўча чироқлари ишга туширилган. Маълумотларга кўра, улар сони 20 тани ташкил этади.

Ушбу ишлар “Ўзбекистон Республикасида экологик ташаббусларни амалга ошириш” лойиҳаси асосида олиб борилмоқда.