Туркия ҳукумати 15 июль оқшомида Мармарисда дам олиб турган мамлакат президенти Ражаб Тойиб Эрдўғанни қўлга олиш ниятида ҳужум қилган гуруҳ аъзоларининг деярли барчасини қўлга туширган. Бу ҳақда Туркия бош вазири ўринбосари Нуман Куртулмуш маълум қилган.

Бундан олдинги хабарларда мамлакат жануби-ғарбидаги Муғла вилояти ҳудудида 11 ҳарбий Эрдўғаннинг меҳмонхонасига ҳужум қилганликда гумонланиб қўлга олинганди. Мармарис тумани аҳолиси ҳудуддаги жўхорипояда шубҳали шахслар мавжудлиги ҳақида хабар берганидан кейин янги ҳибсга олиш тадбирлари бошланганди. Бу шахсларни қўлга олиш ишларига 2та вертолёт жалб этилган.

"Президент тунаган меҳмонхонага ҳужум қилган 37 ҳарбийдан 36 нафари қўлга олинди. Бу тунда 11 киши тутилди. Яна бир зобитни қидириш ишлари давом этмоқда. Улар онгли равишда ҳужум уюштиришган", деган Куртулмуш.

Бундан олдинги хабарларда Туркиядаги тўнтариш иштирокчиси Эрдўғанни тириклай қўлга олишга буйруқ берилганини маълум қилгани айтилганди. 

16 июлга ўтар кечаси Туркияда ҳарбий тўнтаришга уринишга ҳаракат қилинди. Ҳарбийлар Истанбул ва Анқарада бир қатор давлат муассасаларини қўлга олиб, «Мармарис» меҳмонхонасига ҳужум қилди, аммо Туркия президенти меҳмонхонани тарк этишга муваффақ бўлди. Кейинроқ мамлакат раҳбари у 10–15 дақиқа ўша ерда ушланиб қолганида, ўлдириб кетилган бўлишини маълум қилганди.