Uber компанияси Хитойдаги бизнесини, ушбу мамлакатдаги «хитой Uber»и деб номланадиган бош рақобатчиси — Didi Chuxing компаниясига сотади, деб хабар қилмоқда Bloomberg агентлиги ўз манбасига таянган ҳолда. Шу билан бирга, Didi Chuxing ва Uber раҳбари ҳам мазкур бирлашувни тасдиқлаган.

Битим шартларига кўра, Uber компаниясининг хитойлик сармоядорлари, хусусан, йирик Baidu интернет қидирув хизмати бирлашган компаниянинг 20 фоизига эгалик қилади. Бундан ташқари, Хитой компанияси Uber ривожига 1 млрд доллар сармоя киритади. 

Қайд этилишича, Uber аллақачон рақобатчисига қарши курашда 2 млрд доллардан кўпроқ маблағни харжлаб бўлган, бироқ унинг сармоядорлари Хитойдаги бизнесини сотиб юборишни талаб қилишган. Шундай қилиб, мазкур бирлашув амалга ошса, Uber Хитойдаги фаолиятини тўхтатади. Didi Chuxing компаниясининг таннархи 35 млрд долларга етади. 

Аввалроқ, Apple компанияси Хитойнинг Didi Chuxing компаниясига 1 млрд доллар сармоя киритгани хабар қилинган эди. Умуман, июнь ойида Хитой компанияси 7 млрд доллар сармоя жалб эта олган.