«Ўзбекистон ҳаво йўллари» Миллий авиакомпанияси самолётлари сафи сентябрь ойида иккита Boeing-787 Dreamliner самолёти билан тўлдирилади. Авиакомпания сайтида берилган хабарга кўра, бундай самолётларнинг биринчиси август ойи охирида Ўзбекистонга етиб келиши кутилмоқда.

Сентябрь ойидан бошлаб ўзбекистонликлар янги Boeing787 Dreamliner самолётида янгича қулайлик билан саёҳатга чиқа бошлайди.

«Авиакомпания янги русумдаги иккита Boeing 787 Dreamliner самолётларини эксплуатацияга киритишга тайёргарлик кўрмоқда, улардан биринчиси Ўзбекистонга мустақилликнинг 25 йиллигини нишонлаш кунларида етиб келади. «Орзудаги лайнер» Ўзбекистон аҳолиси учун байрам шарафига муносиб совға бўлади.

Шу йилнинг сентябрь ойидаёқ «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК йўловчилари Boeing 787 Dreamliner самолётидаги қулайликнинг янги даражасини муносиб баҳолаш имконига эга бўладилар», дейилган хабарда.

Эслатиб ўтамиз, 2016 йилнинг январида янги самолётдан фойдаланиш учун Тошкент халқаро аэропортида махсус инфраструктура ташкил қилинган эди. «Ўзбекистон ҳаво йўллари» Миллий авиакомпанияси 28 январда авиакомпания ва хориж компаниялари  самолётларини таъмирлаш, уларга барча  турдаги  техник хизмат кўрсатиш базаси ҳамда малакали мутахассисларга эга «Uzbekistan Airways Technics» авиакорхонаси қошида самолётларнинг композит материалларини таъмирлаш Маркази  очилди.

Авиакомпания «Боинг-787» самолёти учун учувчиларни тўплаган. 18 пилотдан иборат жамоа Буюк Британиянинг Гатвик шаҳрида малака ошириш учун юборилган.

Авиакомпания «Боинг-787» русумидаги самолётларни олиб келиши 2014 йилда маълум бўлганди. Харид қиймати тахминан 240 миллион долларни ташкил қилган.

Boeing-787 Dreamliner — икки двигателли йўловчи ташувчи самолёт бўлиб, АҚШнинг Boeing Commercial Airplanes томонидан ишлаб чиқилган. Унга 250 нафардан 330 нафаргача йўловчи сиғади.