Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида бўлиб ўтадиган ёзги Олимпиада ўйинларида қатнашадиган Ўзбекистон спорт делегацияси Бразилияга учиб кетди. Бу ҳақда Ўзбекистон миллий ахборот агентилиги хабар бермоқда.

Манбада айтилишича, спортчиларни Риога кузатиш учун Ўзбекистон миллий Олимпия қўмитаси раиси Мираброр Усмонов ва «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси бош директори В.Тянлар ҳам Тошкент халқаро аэропортида жам бўлишган.

5 август куни бошланадиган ёзги Олимпиада ўйинларида Ўзбекистонлик спортчилар академик эшкак эшиш, бадиий гимнастика, байдарка ва каноэда эшкак эшиш, бокс, дзюдо, енгил атлетика, оғир атлетика, спорт гимнастикаси, стол тенниси, сузиш, таэквондо (WTF), теннис, трамполин, ўқ отиш, эркин ва юнон-рум кураши каби спорт турлари бўйича мусобақаларда қатнашади.