Япония ҳукумати иқтисодиётга туртки бериш бўйича 28,1 трлн иен (274 млрд долларга яқин) миқдорида ёрдам кўрсатишни тасдиқлади. Вазирлар маҳкамасининг йиғилишида шундай қарор қабул қилинган. 

Аввалроқ, Япония бош вазири Синдзо Абэ бу каби чоралар билан "нафақат бугунги кунги талаб кучайтирилади, балки хусусий талаб воситасида барқарор иқтисодий ўсиш амалга оширилиш"ини таъкидлаганди. У, шунингдек, барча аъзолари фаол турмуш тарзини кечирувчи жамият барпо этиш дастури ҳақида сўз юритган, деб хабар қилмоқда Киодо агентлиги.

Япония иқтисодиётига туртки бериш дастурига кўра, турли соҳалар қатори болалар боғчалари ва беморларга хизмат кўрсатиш муассасалари ходимларининг меҳнат шароитларини яхшилаш, компаниялар ишчилари ҳамда иш берувчиларнинг суғурта бадалларини камайтириш, шунингдек, инфратузилмаларни ривожлантириш кўзда тутилган.  

Хусусан, 2045-йилга келиб, Токио ва Осака шаҳарлари орасида магнит ёстиқчаларида ҳаракатланадиган "Маглев" поездлари тармоғини ишга тушириш, туризмни ривожлантириш инфратузилмалари қурилиши белгиланган. 

Маблағларнинг бир қисми, Британиянинг ЕИдан чиқиши туфайли зарар кўриши эҳтимоли бўлган, Европада фаолият юритувчи Япония кичик ва ўрта бизнес вакилларига тақдим этилади. Шу билан бирга, истеъмол маҳсулотлари савдосини кўпайтириш мақсадида, кам даромадли кишиларга ойига 15 минг иендан ёрдам пули ажратилади. 

Ҳукумат дастури қўшимча бюджет ҳисобига қопланади. Йирик инфратузилма лойиҳаларига узоқ муддатли кредитлар тақдим этилади. 

Мамлакат парламенти шу йилнинг сентябрь ойида бўлажак навбатдан ташқари сессиясида қўшимча бюджет лойиҳасини муҳокама этади.