Америкалик сармоядор Уоррен Баффетнинг фикрича, АҚШ президентлиги учун Республикачилар партияси номзоди Дональд Трамп ўз солиқ ҳисоботини эълон қилишдан қўрқади, деб хабар қилмоқда Блумберг агентлиги.

Небраска штатининг Омаха шаҳрида чиқиш қилган Berkshire Hathaway компанияси раҳбари, республикачи миллиардерни президентликка номзодларнинг солиқ ҳисоботини эълон қилиш анъанасини бузишда айблади. 

"Ҳар доим қўрқадиган нарсанг бўлса, албатта қўрқасан", — деган Баффет. 

"У, IRS (АҚШ солиқ бошқармаси)дан эмас, у сиздан қўрқади", — дея сармоядор тингловчиларга мурожаат қилган. 

Баффет президентликка номзодни "сайловгача исталган вақтда, исталган ерда учрашиб", солиқ ҳужжатларини ошкор қилиш ва қизиққан инсонларнинг саволларига жавоб беришга ундаган. 

Бундан аввал, Трамп президентлик сайловигача солиқ декларациясини эълон қилишдан бош тортган эди. 

Миллиардер, кўп ҳолларда ўзининг хайрия ишларини эълон қилмай, жамғармаси орқали эмас, хусусий киши сифатида эҳсонлар қилишини таъкидлаганди.