БМТ Хавфсизлик Кенгашини ислоҳ қилиш масаласида ҳукуматлараро музокаралар Бош Ассамблеянинг 71-сессиясида давом эттирилади. Бу борадаги қарор чоршанба куни қабул қилинди. Маълумки, Бош Ассамблея ўз ишини 13 сентябрда бошлайди. Бош Ассамблея томонидан қабул қилинган қарорда сессия кун тартибига “Хавфсизлик Кенгашидаги адолатли ваколатлар ва унинг аъзолари таркибини кенгайтириш ҳамда Хавфсизлик Кенгаши билан боғлиқ бошқа масалалар” киритилиши таъкидланади. 
Хавфсизлик Кенгашини ислоҳ қилиш масаласидаги ҳукуматлараро музокаралар бир неча йиллардан бери олиб борилмоқда, аммо мамлакатлар бу борада ягона қарорга келишганича йўқ. Сўнгги ойларда Люксембургнинг БМТдаги доимий вакили Сильви Лукас раислигида мазкур масалага бағишланган қатор норасмий учрашувлар бўлиб ўтди.

Июль ойи ўрталарида Сильви Лукас Бош Ассамблея раиси Могенс Люккетофт номига мактуб йўллади. Мактубда ислоҳотлар масаласида мамлакатларнинг қарашлари борасида маълумот берилган. Унинг айтишича, давлатлар Хавфсизлик Кенгаши аъзолари сонини ҳозиргидек 15та эмас, балки 21та ёки 27та бўлишини таклиф қилмоқда. Бундан ташқари, Хавфсизлик Кенгаши очиқ ва самарали фаолият юритиши лозимлиги айтилмоқда. 

Бразилиянинг БМТдаги доимий вакили Антониу Патриота ҳукуматлараро музокарлар якунланиб, мамлакатлар кун тартибига қўйилаётган масала юзасидан қатъий қарорга келиши лозимлигини таъкидлаб ўтди. 

Эслатиб ўтамиз, БМТ Хавфсизлик Кенгаши аъзоларининг сонини кўпайтириш билан боғлиқ таклиф илк бор 1994 йилда кун тартибига қўйилган эди. 2009 йилнинг 19 февралида Нью-Йоркда БМТ Бош Ассамблеясининг норасмиий пленуми бўлиб ўтиб, Хавфсизлик Кенгашини ислоҳ қилиш борасида ҳукуматлараро музокаралар бошланди. Ўтказилаётган музокараларда Хавфсизлик Кенгашининг аъзолари нечта бўлиши кераклиги, вето ҳуқуқи, минтақавий аъзолар, Хавфсизлик Кенгашининг иш методлари, Хавфсизлик Кенгаши ва Бош Ассамблея ўртасидаги муносабатлар масалалари муҳокама  қилинмоқда. 

БМТ Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзолигига интилаётган Бразилия, Германия, Ҳиндистон ва Япония Хавфсизлик Кенгаши зудлик билан кенгайтирилиши ва аъзолар сони 25тага етказилиши зарурлигини айтиб келади. Янги доимий аъзолар ҳам вето ҳуқуқидан фойдаланишлари лозимлиги таъкидланади. 

Италия, Мексика, Покистон, Испания, Аргентина, Жанубий Корея, Канада ва бошқа бир қатор давлатлар Хавфсизлик Кенгаши жуғрофияга қараб кенгайтирилиши керак, деган таклифни ўртага ташламоқда. Бу давлатлар вето ҳуқуқи бекор қилиниши лозимлигини айтишади. 

Африка Иттифоқи эса Хавфсизлик Кенгашида Африка мамлакатлари учун вето ҳуқуқига эга иккита доимий аъзо ва қўшимча нодоимий аъзолик ўрни берилишини таклиф қилмоқда. Бу борада Жанубий Африка Республикаси ва Нигерия доимий аъзоликка интилмоқда. 

АҚШ ҳам Хавфсизлик Кенгаши аъзолари сони кўпайтирилиши тарафдори эканини айтиб келар экан, доимий аъзо бўлиб киришда Ҳиндистон ва Японияни қўллаб-қувватламоқда. 

БМТ Низомини ўзгартириш учун таклиф Бош Ассамблея аъзоларининг учдан икки қисми, жумладан, Хавфсизлик Кенгашининг барча доимий аъзолари томонидан қўллаб-қувватланиши ҳамда ратификация қилиниши керак. Яъни, лойиҳани 129 та давлат маъқуллаши керак.

БМТ тузилганида унинг сафларида 51та мамлакат бўлган бўлса, айни дамда 193та мамлакат БМТ аъзосидир. 1965 йилда янги давлатлар пайдо бўлиши билан Хавфсизлик Кенгаши аъзолари сони 11 тадан 15 тагача кўпайтирилди. Аммо Доимий аъзолар сони ўзгармай қолаверди. Ўтган асрнинг 90-йиллари бошларида социалистик лагерь таназзулга учраганидан сўнг БМТга аъзо бўлган мамлакатлар яна кўпайди. Кейинчалик БМТга Шарқий Тимор, Швейцария (ҳар иккиси 2002 йилда), Черногория (2006 йилда) ва Жанубий Судан (2011йилда) қабул қилинди. 1946 йилда БМТ қошида кузатувчи мақоми ташкил этилди. Ўшанда Швейцария БМТнинг доимий кузатувчиси этиб тан олинди. Шундан сўнг бу мақомга 16 давлат (жумладан Австрия, Италия, Финляндия, Япония) эга бўлди. Айни дамда кузатувчи мақомига Ватикан (1964 йилдан) ва Фаластин (1974-2012 йилларда нодавлат ташкилоти сифатида, 2012 йилнинг ноябридан БМТ кузатувчи давлати мақоми) эга.

Индонезия – 1965 йилда ўз хоҳиши билан БМТ сафини тарк этиб, 1966 йилда аъзоликни тиклаган ягона давлат ҳисобланади. БМТ тарихида икки марта давлатлар (1974-1994 йилларда Жанубий Африка Республикаси апартеид(ирқчилик) сиёсатини олиб боргани учун, 1992-2000 йилларда Югославия Социалистик Федератив Республикасининг меросхўри бўлмиш Югославия Иттифоқ Республикаси БМТга аъзо бўлиш борасида ариза беришдан воз кечгани учун) Бош Ассамблея ишида қатнашишдан маҳрум қилинган. 

1946 йилдан 2015 йилга қадар Хавфсизлик Кенгашининг аъзолари 237 марта, асосан, Яқин Шарқ ва Африкадаги вазият муҳокама қилинаётганда, вето ҳуқуқидан фойдаланган. Энг кўп Россия – 103 марта вето қўйган. Бу ҳуқуқдан АҚШ 79 марта, Буюк Британия 29 марта, Франция 16 марта, Хитой 9 марта фойдаланган. Шуни таъкидлаш керакки, 1971 йилга қадар Хавфсизлик кенгашида Хитой номидан Тайвань фаолият юритган.

1948 йилдан бери БМТ дунёда тинчликни сақлаш ишларида иштирок этиб келади. Шу давр мобайнида БМТ қўлга киритган муваффақиятлар ҳақида гапирадиган бўлсак давлатлар ўртасида келиб чиқиши мумкин бўлган тўқнашувлар кескин қисқарди. БМТ XXI асрда асосий эътиборини учта устувор йўналиш – қашшоқликка барҳам бериш, дунёда кечаётган низоларни тўхтатиш, демократияни янада жадаллаштиришга қаратган.

БМТ ва унинг ташкилотлари олти марта тинчлик бўйича Нобель мукофотини олган. БМТнинг қочқинлар масаласи бўйича олий комиссарлиги икки марта, (1954 ва 1981 йилларда) БМТнинг ўзи 2001 йилда, Болалар жамғармаси ЮНИСЕФ 1965 йилда, Тинчликни сақловчи кучлари эса 1988 йилда мазкур мукофотга сазовор бўлган. 1961 йилда бош котиб Даг Хаммершельд (Швеция) вафотидан сўнг Нобель мукофотига лойиқ, деб топилди.

БМТ Бош ассамблеясининг ҳар йили сентябрь ойида очиладиган сессияси энг муҳим дипломатик ҳодиса саналади. Тадбир доирасида мамлакат раҳбарларининг расмий чиқишларидан ташқари, кўплаб икки томонлама учрашув ва мулоқотлар бўлиб ўтади. Энг қизиғи, бир-бирига душманона кайфиятда бўлган давлатларнинг раҳбарлари бир залда ўтириб, ўз рақибларининг сўзларини тинглашга мажбур бўлади. Айрим давлат раҳбарлари ва дипломатларнинг нутқлари шов-шув ва маш-машаларга дучАйни дамда янада самарали ишлаши йўлида БМТ, жумладан, Хавфсизлик Кенгашини ислоҳ қилиш юзасидан фикрлар билдирилмоқда. Асосий мақсад глобал таҳдид ва чақириқларга ўз вақтида жавоб беришга қаратилган. Шу билан бирга ҳар қандай ислоҳотлар Хавфсизлик Кенгашини самарасиз органга айлантирмаслик лозимлиги айтилади. Айни дамда вето ҳуқуқи билан боғлиқ масала кенг муҳокама қилинмоқда. Маълумки, Франция президенти Франсуа Олланд давлатлар ўз хоҳишлари билан вето ҳуқуқидан воз кечсалар яхши бўларди, деган фикрни ўртага ташлаган эди.

Ҳозирги кунга келиб БМТ дунёдаги энг йирик халқаро ташкилотга айланди. У жаҳоннинг 193 та давлатини бирлаштириб, етмиш йиллик тарихи давомида қатор халқаро муаммоларни ҳал этишга салмоқли ҳисса қўшиб келмоқда.

1991 йил 31 августда мустақиллиги расман эълон қилинган Ўзбекистон 1992 йил 2 мартда БМТга аъзо бўлди ва ушбу нуфузли халқаро ташкилот билан ҳамкорликни йўлга қўйди. Республикамизнинг халқаро ва минтақавий муаммоларни муҳокама қилиш ҳамда ечишда фаол иштирок этиши учун катта имкониятлар очилди. 1993 йил 24 октябрда Тошкентда БМТнинг ваколатхонаси очилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов ваколатхона очилиши маросимида сўзлаган нутқида: “Бу тарихий воқеа бўлиб, шундай обрўли ташкилот доирасида вақти-вақти билан Марказий Осиё минтақасида барқарорликни таъминлаш бўйича семинар чақириб туриш кўзда тутилади, бунинг учун Тошкент барча шарт-шароитларни яратиб беришга тайёр”, дея таъкидлаганди. Мамлакатимизда БМТнинг қатор таркибий тузилмалари – Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, Болалар жамғармаси, Аҳолишунослик жамғармаси, Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти, Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси, Тараққиёт дастури, ОИВ/ОИТС бўйича бирлашган дастури ваколатхоналари фаолият кўрсатаётир.

Давлатимиз раҳбари ўтган давр мобайнида тўрт маротаба (1993 йил сентябрь, 1995 йил октябрь, 2000 йил сентябрь, 2010 йил сентябрь) БМТнинг минбаридан туриб, халқаро аҳамиятга эга бўлган долзарб масалаларни кўтариб чиқди. Ислом Каримов жаҳон ҳамжамияти эътиборини глобал муаммоларга қаратди. Президентимиз БМТ тузилмаларини ислоҳ қилиш, жумладан, Хавфсизлик кенгашининг доимий аъзолари қаторига дунё сиёсатида етакчи мавқега эга бўлган Германия ва Японияни киритиш, қабул қилинаётган қарорлар ижросини таъминлаш учун Бош котиб ваколатларини кенгайтириш, жойлардаги тангликнинг олдини олиш ва бартараф этиш мақсадида БМТнинг халқаро минтақавий ташкилотлар билан алоқаларини фаоллаштириш ҳамда унинг минтақавий тузилмаларини ривожлантириш каби таклифларни билдирди.

БМТ Бош Ассамблеясининг 2000 йил сентябрь ойида ўтган Мингйиллик саммитида давлатимиз раҳбари халқаро террорчилик ва наркотик моддаларнинг ноқонуний савдосига қарши курашга, минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлашга, БМТ фаолияти ва унинг таркибий тизимини ислоҳ қилишга доир кўплаб таклифларни илгари сурди. Жаҳон ҳамжамияти эътиборини яна бир бор Орол муаммосига қаратди. Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов БМТ Бош котиби Пан Ги Муннинг таклифига биноан 2010 йил 20 сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг Мингйиллик ривожланиш мақсадларига бағишланган олий даражадаги ялпи мажлисида иштирок этиб, нутқ сўзлади. келганидан ҳам асло кўз юмиб бўлмайди. Бу борада БМТ мажлисида туфлиси билан пўписа қилган раҳбарни мисол сифатида келтириш керак.
БМТ Бош Ассамблеяси минбаридан энг узоқ нутқ ирода этиш бўйича Куба раҳбари Фидель Кастрога хозирча ҳеч ким ета олмади У 1960 йилда 4 соату 29 дақиқа нутқ сўзлади. Бу нутқ Гиннесснинг Рекордлар китобига кирган. 2009 йилда Ливия раҳбари Муаммар Каддафий белгиланган 15 дақиқа ўрнига салкам икки соат маъруза қилиб, таржимонни сулайтириб қўйишига бир баҳя қолганди. Ўшанда  у бир қатор глобал муаммоларни кун тартибига қўйган ва хатто БМТни танқид қилган эди. Халқаро ҳамжамият қароргоҳи Нью-Йоркдан бошқа шахарга кўчирилиши лозимлигини таклиф қилган эди.

Сўнгги йиллар давомида БМТ билан ҳар томонлама ҳамкорлик сезиларли даражада фаоллашди. БМТ Бош котиби Кофи Аннаннинг 2002 йил октябрь ойида Ўзбекистонга ташриф буюрганини эслаб ўтиш керак. 2010 йил апрель ойида ва 2015 йилнинг 11-12 июнь кунлари БМТ Бош котиби Пан Ги Мун мамлакатимизга ташриф буюриб, юртимизда бу борада амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишар экан, уларга юксак баҳо берди. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котибининг ўринбосари, БМТ Тараққиёт дастурининг раҳбари Ҳелен Кларк, БМТ Бош котибининг ўринбосари Нойлин Хейзер, БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти бош директори Жозе Гратциану да Силва, БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилоти Бош котиби Талиб Рифаий, БМТнинг Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти - ЮНEСКО Бош директори Ирина Бокова, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Бош директори Маргарет Ченнинг Ўзбекистонга ташрифи муҳим воқеа бўлиб, Ўзбекистон ва БМТ томонидан халқаро тараққиёт ва равнақ йўлидаги кўп қиррали ва сермаҳсул ҳамкорликка қаратилаётган катта эътиборнинг яққол намунасидир.

Шарофиддин Тўлаганов