Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг айтишича, Ғарб мамлакатлари терроризмни қўллаб қувватламоқда. The Hürriyet Daily News хабарига кўра, президент 15 июль оқшомидаги воқеалар учун ҳам айбни шу мамлакатлар зиммасига юклаган.

"Савол: Ғарб терроризмни қўллаб-қувватлайдими ёки йўқ? Ғарб демократия тарафдорларини қўллайдими ёки террор ва исёнлар ортида турадими? Жавоб шундай, Афсуслар бўлсинки, айнан Ғарб террорни қўллаб-қувватлайди ва айнан улар Туркиядаги исёнчилар ортида турган кучдир", - деган Эрдўған, Анқарадаги инвесторлар форуми вақтидаги чиқишида.

Президент шунингдек, Анқара ўз иттифоқчиларидан кутилган ёрдамни олмаётгани ҳақида таъкидлаб ўтган. 

"Ғарбдаги бирон давлат раҳбари Туркияга келиб ҳамдардлик билдирмади", деган Эрдўған.

Туркия раҳбари Фатҳуллоҳ Гуленни яна бир марта давлат тўнтаришига уриниш ташкилотчиси сифатида айблаган ва исёнчилар ташқаридан режалаштирилганини таъкидлаган. У айнан бир мамлакат номини келтирмаган.

Қайд этиш керакки, собиқ имом Фатҳуллоҳ Гулен 1999 йилдан буён АҚШда истиқомат қилиб келади.

15 июль оқшомида ҳарбийлар Туркияда давлат тўнтариши амалга оширишга ҳаракат қилишди. Исён бостирилди. Туркия ҳукумати илк соатлардаёқ исён ортида Фатҳуллоҳ Гулен турганини маълум қилди.

Туркия икки марта АҚШдан Гуленни топширишини сўраб, расмий сўров жўнатди.

Исён бошлангач тўқнашувлар вақтида тинч аҳоли орасида 240 киши ҳалок бўлди ва 2 мингдан ортиқ киши жароҳатланди.

Исёндан кейин бошланган ялпи тозалаш ишлари доирасида 80 мингдан ортиқ ҳарбий, полициячилар, судьялар, амалдорлар ва ўқитувчилар ишдан бўшатилди. Шунингдек, 15 мингдан ортиқ киши қўлга олинди ёки терговга чақирилди. Ҳибс қилинган ҳарбийлар сони 10 минг нафарга яқинлашган.