Ишлаб чиқарувчиларнинг янада ихчам ва қулай мобиль техникаларни ясашга уриниши бу каби ускуналарни таъмирлашга имкон бермайдиган ҳолатга олиб келди. Айрим ҳолларда, кўплаб қурилмаларни корпуси ёки бутловчи қисмларига зиён етказмасдан очиш деярли имконсиздек. Бир компаниянинг ўзи кўп турдаги гаджетлар ишлаб чиқаргани боис, эҳтиёт қисмларининг тури ҳам анчагина. Бу эса, соҳада фаолият юритадиган компанияларга фақат фойда келтиради. Ахир техникаларини кўпроқ сотиш мумкин бўлади. Ишлаб чиқарувчилар орасида вужудга келган ўзига хос шундай тенденция ҳақида NBC News фикр юритади. 

Техаслик 56-ёшли Майкл Тайрен (Michael Tyran) тиббий хизматчи бўлса-да, бир пайтлар оғир дизель техникаси механиги бўлган. Ҳозирда у iFixit сайтидаги қўлланма ва йўриқномалар ёрдамида электрон техникаларни тузатиб, қўшимча даромад қилади. 

Тайрен 2010 йили кутилмаган воқеага дуч келган. Унинг iPod батареясининг қувват олиш лимити тугагач, мустақил равишда плеерни таъмирламоқчи бўлган, аммо уни қайтарзда очишни эплай олмаган. 

Тайреннинг айтишича, iPod билан боғлиқ воқеадан сўнг, у электроника ишлаб чиқариш саноатида таъмирланмайдиган, балки янгисини харид қилишга туртки берувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш даври бошланганини гумон қилган. Албатта, Тайрен iFixit ёрдамида плеерни таъмирлашнинг уддасидан чиқди. Аммо, Apple хизмат кўрсатиш маркази батареяни тиклашнинг имкони йўқлигини айтиб, янгисини харид қилиш учун 50 долларлик чегирма таклиф қилишини билдирган. 

NBC News телеканалининг таъкидлашича, ишлаб чиқарувчилар «очилмайдиган» қурилмалар ишлаб чиқаришининг қатор сабаблари бор. Айримлари, гаджетларини рақибларидан ҳимоя қилишни истаса, бошқалари бегона шахслар томонидан таъмирланган жиҳозлар учун кафил бўлишни хоҳлашмайди. Учинчилари, дизайн нуқтаи-назаридан шу ишга қўл уришади.

Бундан ташқари, тобора ингичка қурилмаларга талаб кучайиб бораётгани боис ҳам шундай қилинмоқда. 
 
Бироқ, экспертларнинг фикрича, ишлаб чиқарувчилар бундай қурилмалардан бевосита фойда кўради. Чунки, истеъмолчилар янгидан янги гаджетларни харид қилишга ўзлари хоҳламаган ҳолда мажбур бўлишади. iFixit асосчиларидан бири Кайл Ваенс (Kyle Wiens)нинг сўзларига кўра, бу тенденцияни айнан Apple компанияси iPod плеери билан бошлаб берган. 

Ваенснинг таъкидлашича, айрим қурилмалар, хусусан Microsoft Surface қурилмалари шунчалик мустаҳкамки, ҳатто экспертлар ҳам илк очишда унга зарар келтириши тайин. Microsoft компанияси эса, унинг қурилмалари 
«профессионаллар томонидан профессионаллар учун ишлаб чиқарилган»ини иддао этиб, шунинг учун ҳам уни фақат маҳоратли усталар таъмирлаши лозимлигини уқдирган. 

United Nations University томонидан ўтказилган тадқиқот натижаларига кўра, 2014-йили дунё бўйича қайта ишланган электроника ҳажми 41,8 мегатоннани ташкил этган. Бу ҳар бир киши бошига 5,9 кг электрон чиқинди тўғри келишини англатади. 2018-йилга келиб, бу рақам 49,8 мегатоннага етиши ва жон бошига 6,7 кг қайта ишланган электроника тўғри келиши башорат қилинмоқда. Бироқ, Electronics TakeBack Coalition маълумотларига кўра, 2011 йилдан эътиборан, қайта ишланаётган электрониканинг ташлаб юборилаётган қисмлари ҳажми тобора камайиб бораяпти. 

NBC News дастурининг эътироф этишича, аслида маҳсулотларни «режали эскиртириш» 20-аср бошларида автомобиль саноатида пайдо бўлган. Дастлаб, Ҳенри Форд машиналарнинг сифатига жиддий эътибор қаратган. Шу боис, улар узоқ муддат хизмат қилган. Аммо, General Motors компанияси ўз маркетинг стратегиясини ўзгартириб, ҳар йили янги моделларни тақдим қила бошлади. Шундан сўнг, Ford ҳам оқим билан баробар сузишга аҳд қилган.