Мексиканинг Пуэбла штатида Хуэхуэтлан эль Гранде шаҳри мэри Хосе Сантос Мария Завала отиб ўлдирилди. Бу охирги икки ҳафта ичида учинчи мэр ўлдирилиши бўлди.

Мэр автомобили ёнида ўлик ҳолда топилган. У билан бирга автомобилда бўлган котиби воқеа жойида полиция келганда бўлмаган. Унинг ҳозирда қаердалиги номаълум. Ҳозирча ҳужум сабаби ҳам маълум қилинмаган. 

Ўтган йили Завала маҳаллий бандитлар томонидан дўппосланиб, туналиб, ўз уйида гаровда ушлаб турилган. 

Июлда жиноятчилар қўлидан Мексиканинг иккита мэри ҳалок бўлганди, улардан бири мафия аъзолари томонидан билдирилган таҳдидлардан кейин бир неча бор марказий ҳокимиятга ҳимоя қилиш илтимоси билан мурожаат қилганди. 

Мексика мэрлари уюшмаси маълумотларига кўра, 2003 йилдан бери 40 нафар мэр – эндигина сайланиб, ҳали лавозимига ўтиришга улгурмаган 7 нафар ва 32 нафар амалдаги мэр ўлдирилган.

Январда Темиско шаҳри аёл мэри ўз мажбуриятларини бажаришга киришгандан кейин бир кун ўтмай, ўз оила аъзолари кўзи олдида отиб кетилганди.