Ўтган якшанба, 31 июлда Мексиканинг Герреро штатидаги машҳур Акапулько курорт шаҳрида камида 8 киши ўлдириб кетилди. Бу ҳақда 1 августда ҳуқуқ-тартибот муассасалари маълум қилди. Уларнинг маълумотларига кўра, шаҳарнинг туманларидан бирида жойлашган яширин қабрда зўравонлик билан ўлдирилганлик аломатлари бўлган 3 киши жасади топилган.

Мутахассислар шаҳарда зўравонликнинг авж олишини наркокартеллар ва майдароқ жиноий тўдалар орасида гиёҳванд моддаларни контрабанда қилиш ҳудудлари ва йўналишлари устидан назоратни қўлга олиш учун давом этаётган ихтилоф билан боғламоқдалар. Жорий йилда Герреро штати Мексиканинг энг хавфли ҳудудларидан бири бўлиб қолмоқда.

Бу ерда жорий йилнинг январидан июнигача 881 та қасддан қотиллик қайд қилинган. Ўтган шанба куни штатнинг шимолидаги Тепекоакуилко-де-Трухано туманида жиноятчилар бир оиланинг 7 аъзосини ўлдиришган, қурбонлар орасида бир неча болалар ҳам бўлган.

2015 йил натижаларига кўра, Фуқаролик хавфсизлиги ва жиноий адлия бўйича фуқаролик кенгаши ноҳукумат ташкилотининг мутахассислари Акапулькони Мексиканинг энг хавфли шаҳари деб топишган. Бу ерда қасддан одам ўлдириш 100 минг кишига 104,7 тани ташкил қилган. Жорий йилда бу кўрсаткич ҳукуматнинг жиноятчиликка қарши барча саъй-ҳаракатларига қарамасдан 111 тага етди.