Мичиган штати университети олимлари полицияга қотиллик қурбонининг Samsung Galaxy S6 смартфонини блокдан чиқаришда ёрдам бердилар. Қурилма қотилликни тергов қилишда муҳим далил бўлиши мумкин бўлган. Бу ҳақда NPR нашри хабар бермоқда. 

Олимлар вазифасини уларга полиция томонидан берилган қурбон бармоғи изи нусхасининг сифати смартфонни блокдан чиқариш учун жуда паст бўлгани мураккаблаштирган. Шунинг учун улар биринчи навбатда тасвирдаги барча бўшлиқларни тўлдирувчи алгоритмни ёздилар.   

Замонавий смартфонлардаги бармоқ излари сканери нафақат тасвирни сканерлайди, балки терининг электр ўтказувчанлигини сезади, шунинг учун бармоқнинг пластик нусхасини яратиш етарлилик қилмаган. 

Дастлаб тадқиқотчилар вазифани бажариш учун 250 минг долларлик 3D-принтер ва металл чангни босувчи 600 минг долларлик махсус қурилмадан фойдаланишни режалаштиришганди.

Бироқ 3D-босма сканерни "алдаш" учун жуда паст сифатли бўлган. Олимлар натижага анча арзонроқ усул билан эриша олишди. Улар смартфонни унга оддий пурковчи принтер ёрдамида бармоқ изининг икки ўлчамли нусхасини электр ўтказувчи қоғозга тушириб блокдан чиқара олдилар.  

NPR’нинг таъкидлашича, олимларга Samsung Galaxy S6 телефони бир нечта муваффақиятсиз уринишдан кейин рақамли код киритишни талаб қилмагани қўл келди, шунинг учун синовларни қанча керак бўлса, шунча давом эттириш мумкин бўлди. Олимларнинг айтишича, улар қўллаган усул Samsung Galaxy S6 ва Huawei Honor 7 телефонларида ишлайди, бироқ iPhone 5s ва Meizu MX4 Pro смартфонларида ишламайди. 

Йил бошида Сан-бернардинолик террорчининг iPhone 5c (бармоқлар сканери йўқ) смартфонини блокдан чиқариш зарурияти Apple компанияси ва Федерал қидирувлар бюроси ўртасида ихтилофга олиб келганди. Натижада қурилма компания иштирокисиз очилган.