Ўзбек адабиётининг озарбайжонлик толмас тадқиқотчиларидан бири филология фанлари доктори, профессор Алмас Улви (Биннатова)дан яна бир хушхабар олдик. Профессорнинг ўзбек адабиёти, озарбайжон-ўзбек адабий алоқаларига доир тадқиқотлари жамланган “Ўзбек адабиёти” китобининг Озарбайжонда нашр этилиши бизни қувонтирди. Бу ўзбек-озарбайжон адабий алоқалари йўлидаги олиманинг кўп йиллик изланишлари, тинимсиз меҳнати самараси, қолаверса, ўзбек адабиётига бўлган улкан эҳтироми, десак адашмаган бўламиз. Шу ўринда, Алмас Улвига чексиз миннатдорчилигимизни билдириб, ўзбек-озарбайжон адабий алоқаларини янада мустаҳкамлаш йўлидаги ишларига улкан ривож тилаймиз! Қуйида “Ўзбек адабиёти” китобига Озарбайжон Миллий Билимлар Академиясининг вице-президенти, АМЕА Низомий номли Адабиёт институтининг директори, академик Исо Ҳабибейли томонидан ёзилган сўзбоши таржимасини ҳукмингизга ҳавола этамиз!

ДУНЁ АДАБИЁТИ УЧУН АҲАМИЯТЛИ ИШ
Исо Ҳабибейли
Буюк шоир Мир Алишер Навоий шеъриятининг мислсиз сеҳри ила ўзбек адабиёти дунёсига кирдик. Навоий учун шеъриятга янги йўл очган Султон Ҳусайн Бойқаро лирикасида кўнгил малҳамларини сездик. Шундай асарларнинг ҳар қатида мавжуд поэтик намуналардаги ишқ гўзалликларига ошиқ бўлмаслик мумкин эмаслигига шоҳид бўлдик.

Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг бир қўлида қилич, бир қўлида қалам тутиб яратган илк мемуар асари “Бобурнома”дан тортиб Абдулла Қодирийнинг “Ўтган кунлар”ини варақладик.

ХХ асрнинг улкан намояндалари Абдурауф Фитрат, Абдулҳамид Чўлпон, Холид Саид Хожаев, Мақсуд Шайхзода тафаккуридан таралган ва уларнинг буюк истеъдодидан туғилган ижод намуналари билан танишдик. Шунингдек, Ойдин Ҳожиева, Хосият Рустамова, Ўктамой поэзиясидан баҳраманд бўлдик.

Низомий, Юнус Эмро, Жомий, Навоий, Фузулий, Бобур, Махтумқули, Абай, Жовид, Тўқай адабий мероси гўзалликларини, башарият учун қолдирган улкан фалсафасини Саидахон Нарзуллаева, Суюма Ғаниева тадқиқотларида яна бир бор танишдик.

Юқорида номлари қайд этилган шахсларнинг асарлари, тадқиқотларидан озарбайжон-ўзбек адабий алоқаларининг қадим ва буюк анъаналари бир илдиздан иборат эканига шоҳид бўлдик. Ўзбек адабиётининг классик шоири Алишер На воийнинг Озарбайжоннинг буюк шоири Низомий Ганжавийга эҳтироми юксак бўлган.

Алишер Навоий ижоди қаршисида дунё шеъриятининг яна бир улкан вакили Фузулий ҳам ҳаяжонини яширолмаган.

Озарбайжон ва ўзбек адабиётлари тарихида бу анъаналар узоқ асрлардан буён давом этиб келмоқда. Бу анъана ХIХ асрда ва ХХ аср бошларида Озарбайжонда Алишер Навоий, Ўзбекистонда Низомий Ганжавий ва Муҳаммад Фузулий мисраларига ёзилган назиралар, мавзу ва сюжет ўхшашлиги жиҳатларида намоён бўлди. ХХ асрда совет тузуми шароитида қадимдан буён келган бу анъаналар бироз сустлашган бўлса-да, халқларимиз орасидаги адабий-маданий алоқалар тўхтаб қолмади, имкон даражасида давом этди. Озарбайжон ва Ўзбекистон давлатлари мустақиликка эришгандан сўнг ўлкаларимиз ўртасидаги алоқалар тарихида янги саҳифа очилди.

Озарбайжон Миллий Билимлар Академияси Низомий номли Адабиёт институтининг “Озарбайжон-Туркманистон-Ўзбекистон адабий алоқалари” шўъбасининг мудири, филология фанлари доктори, профессор Алмас Улви (Биннатова)нинг Озарбайжон-Ўзбекистон адабий алоқаларининг кўп асрлик йўли, буюк санъаткорларнинг абадий дўстлиги ҳақидаги тадқиқотларида буюк анъаналарнинг бир неча асрлик тажрибалари умумлашуви ва давомийлиги мужассамлашувини кўришимиз мумкин.

Алмас Улви ўлкамизда Озарбайжон-Ўзбекистон адабий алоқалари борасидаги тадқиқотлари билан танилган олималардан бири. Озарбайжон адабиётига улкан муҳаббат, ўзбек адабиётига ўзаро қардошлик, дўстлик ва анъаналарга буюк эҳтиром Алмас Улвининг адабий алоқаларга бағишланган илмий тадқиқотларида ўз аксини топган, десак асло хато бўлмайди. Шуни таъкидлаш лозимки, Алмас Улви адабий алоқаларнинг кам ўрганилган, ҳатто ноъмалум саҳифаларни очишга, тадқиқ этишга диққатини қаратади ва унинг ҳар бир ишида янги бир жиҳатлар ёритилади. У ҳар бир тадқиқотида янги сўз айта олади.
Шу маънода, Алмас Улви тадқиқотлари ила Озарбайжон-Ўзбекистон адабий алоқаларининг қиймати янада ошган ва бойиган, десак бўлади. Бу эса халқларимиз ва мамлакатларимиз ўртасидаги кўп асрлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш ва тараққий этишига хизмат қилади. Бунга шак-шубҳа йўқ.

Бу мамлакатларимиз ва дунё учун аҳамиятлидир.

Обид ШОФИЕВ таржимаси

Манба: Kh-davron.uz (O'zbekiston Xalq shoiri Xurshid Davron sayti).