Америка аҳолисининг салкам ярми - 48 фоизининг фикрича, Россия ҳукумати АҚШ президентлиги учун сайлов натижаларига таъсир кўрсатишга уринмоқда. 44 фоиз фуқаро эса, аксинча фикрда. CNN телеканалининг ORC тадқиқот хизмати билан бирга ўтказган ижтимоий сўрови натижалари шуни исботламоқда. 

Сўров натижаларига кўра, унда иштирок этганларнинг 8 фоизи "Сиз эшитган ва кўрган нарсангиз асосида, Россия ҳукумати АҚШдаги сайловга таъсир этишга уринмоқдами ёки йўқми?" деган саволга жавоб бермаган. 

Ҳиллари Клинтон тарафдорларининг 60 фоизи бу саволга, аралашмоқда дея жавоб берган бўлса, республикачи номзод Трамп тарафдорларининг 33 фоизи шундай қарашни ёқлаган. 

Шунингдек, сўровнома чоғида мамлакат аҳолисининг 37 фоизи “Россияни АҚШга дўст бўлмаган давлат”, деб билиши аниқланган. Икки йил аввал, бу рақам 52 фоиздан иборат бўлган. Беш йил муқаддам эса, 28 фоиз америкалик шу фикрни ҳимоя қилган.