30 июлдан 31 июлга ўтар кечаси АҚШ шарқида жойлашган Мэриленд штати қирғоқларига табиий офат ёпирилди. Энг кўп Вашингтондан 30 км узоқликда жойлашган Элликотт-Сити шаҳри зарар кўрган. CNN манбасининг хабарига кўра, шаҳардаги ёғин миқдори 16 см.ни ташкил этган.

“Фейсбук” фойдаланувчиларидан бири Сара Ардитти тошқин пайтида ўз автомобилига қамалиб қолган аёлни эри ва бошқа одамлар томонидан қутқарилиши акс этган видеони ўз саҳифасига жойлаштирди.

Видеороликдан тошқиннинг қанчали кучли бўлаётганилигига гувоҳ бўлиш мумкин. Роликдаги асосий воқеалар шаҳарнинг Мэйн-стрит кўчасида содир бўлган.
Бу кадрлар Элликотт-Сити марказида жойлашган рестораннинг иккинчи қаватидан суратга туширилган.  Сув бинонинг биринчи қаватини тўла қоплаган.
Шаҳар аҳолиси баландликда жойлашган паркка кўчирилган. Сув оқими йўлида учраган барча нарсалар: чиқинди ва дарахт бўлакларини ювиб кетган.
Тошқин Элликотт-Ситидан икки кишининг ҳаётига зомин бўлди. У турар-жой биноларига жиддий зарар етказди. Энг катта зарар қуйироқда жойлашган шаҳар марказида қайд этилган. 120 киши қутқариб қолинган.