Туркия ҳукумати АҚШдан яна бир марта мухолифат етакчиси Фатҳуллоҳ Гуленни ҳибсга олиб экстрадиция қилишни талаб этган ҳолда расмий сўров жўнатган. Бу ҳақда Туркия Адлия вазири Бекир Бўздоғга асосланиб, Анадўли агентлиги хабар тарқатган.

"Гуленни топшириш улар учун энг тўғри қарор бўлади. Аксинча, АҚШ-Туркия муносабатлари салбий тусга киради", деган вазир.

15 июль куни оқшомидаги муваффақиятсиз чиққан ҳарбий давлат тўнтаришига уринишдан кейин Гулен ва унинг тарафдорлари бўлганлар исён ташкилотчилари сифатида қабул қилинди.

Туркия исённинг кейинги кунларидаёқ 1999 йилдан буён АҚШнинг Пенсильвания штатида истиқомат қилиб келаётган Фатҳуллоҳ Гуленни топшириши учун АҚШга расмий сўров юборганди.

Бугун АҚШ Қуролли кучлари штаби раҳбарлари қўмитаси раҳбари Жозеф Данфорд ушбу сўров "АҚШ юридик нормалари доирасида кўриб чиқилиши" ҳақида айтганди.