Туркияда давлат тўнтаришига уринишдан сўнг, Грецияга кириб келаётган ноқонуний муҳожирлар сони икки мартага ортди, деб ёзмоқда Британиянинг Daily Mail нашри.

Хабар қилинишича, амалга ошмай қолган ҳарбий исёндан икки ҳафта ўтгач, 1170 нафардан ортиқ муҳожир Эгей денгизини сузиб ўтган. Икки ҳафта олдин, бу рақам 560 кишини ташкил этганди. 

Бундан ташқари, нашр Италия бўйича маълумотларни ҳам келтиради. Биргина ўтган ҳафтанинг 4 куни мобайнида у ерда Европага денгиз орқали кириб келишга уринган 6,5 минг киши қутқарилган. 

Испания соҳилбўйи қутқарув хизмати ҳам кириб келаётган муҳожирлар сони ортаётганини таъкидлаган. Хусусан, ўтган дам олиш кунлари 3та кичик қайиқда сузиб келаётган 74 киши қутқарилган.