Ўз уйимда якка тадбиркор сифатида сартарошлик фаолиятини амалга оширсам уй-жой учун тўланадиган мол-мулк ва ер солиқлари кўпроқ тўланадими? Умуман шундай тартибда фаолият юритсам қандай солиқ тўловлари тўланади?

Ушбу саволга Давлат солиқ қўмитасининг бўлим бошлиғи Нозим Қодиров жавоб берди:
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 276 ва 291-моддаларига асосан тадбиркорлик фаолиятида фойдаланиладиган ер участкалари учун ёхуд уйлар, дала ҳовли иморатлари, якка тартибдаги гаражлар ва бошқа иморатлар, иншоотлар, жойлар юридик шахсга ёки якка тартибдаги тадбиркорга ижарага берилганда, шунингдек, жисмоний шахсларнинг мулкида бўлган, яшаш учун мўлжалланмаган жойлар ва улар эгаллаган ер участкалари учун жисмоний шахслардан мол-мулк ва ер солиқлари юридик шахслардан олинадиган мол-мулк ва ер солиқлари учун белгиланган ставкалар бўйича ундирилади ҳамда имтиёзлар уларга нисбатан татбиқ этилмайди.

Бироқ жисмоний шахс ер участкаси ва турар жойдан, унда жойлашган уйда истиқомат қилиш билан бир вақтда товарлар ишлаб чиқариш (ишлар бажариш, хизматлар кўрсатиш) учун фойдаланган тақдирда, мол-мулк ва ер солиғи жисмоний шахслар учун белгиланган ставка бўйича тўланади.

Яъни, агар сиз ўз яшаш жойингиздаги ер участкаси ва турар жойингизда сартарошлик фаолиятини амалга оширсангиз, ушбу ер участкаси ва турар жойга нисбатан мол-мулк ва ер солиқлари қўшимча, яъни юридик шахслар учун белгиланган ставкаларда тўланмайди.

Энди иккинчи саволингизга тўхталиб ўтсак. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 7 январдаги 6-сонли қарори билан тасдиқланган «Хусусий тадбиркорлар юридик шахс ташкил этмасдан шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турлари рўйхати»га мувофиқ якка тартибдаги тадбиркорлар сартарошлик хизматини кўрсатишлари мумкин.

Солиқ кодексининг 375-моддасига асосан солиқ тўловчининг календарь ойида ишлаган кунлари сонидан қатъи назар, қатъий белгиланган солиқ тадбиркорлик фаолиятининг тури ва солиқ тўловчининг фаолиятни амалга ошириш жойига қараб белгиланган ставкалар бўйича тўланади.

Янги рўйхатдан ўтган якка тартибдаги тадбиркор, шу жумладан, оилавий тадбиркорлик субъекти қатъий белгиланган солиқни якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтказилган ойдан кейинги ойдан бошлаб тўлайди.

Касб-ҳунар коллежлари битирувчилари коллежни тамомлагандан кейин ўн икки ой ичида якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтган тақдирда, якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтган санадан эътиборан қатъий белгиланган солиқни тўлашдан олти ой муддатга озод этилади. Якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтилган пайтдан бошлаб ўн икки ой ичида фаолият тугатилган тақдирда, қатъий белгиланган солиқ фаолият амалга оширилган бутун давр учун тўланади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 22 декабрдаги «Ўзбекистон Республикасининг 2016 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида»ги ПҚ-2455-сонли қарорининг 12-иловасига мувофиқ, сартарошлик фаолиятини амалга оширувчи якка тартибдаги тадбиркорлар 2016 йилда ойига Тошкент шаҳрида энг кам иш ҳақининг 3,5 баравари, Нукус шаҳри ва вилоят бўйсунувидаги шаҳарларда 1,5 баравари, бошқа аҳоли пунктларида 0,5 баравари миқдорида қатъий белгиланган солиқ тўлайди.

Қатъий белгиланган солиқ ставкалари йил бошига – 2016 йилнинг 1 январига белгиланган энг кам иш ҳақидан (130240 сўм) келиб чиқиб аниқланади ва энг кам иш ҳақи миқдори йил давомида ўзгарганда қайта кўриб чиқилмайди.

Солиқ кодексининг 311-моддасига асосан якка тартибдаги тадбиркорлар календарь ойида ишлаган кунлари сонидан қатъи назар, суғурта бадалларини мажбурий тартибда ойига энг кам иш ҳақидан кам бўлмаган миқдорда тўлайдилар.

Янги рўйхатдан ўтган якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан суғурта бадалларини тўлаш улар якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтказилган ойдан кейинги ойдан бошлаб амалга оширилади.