Ўзбекистон Рио-де-Жанейродаги Олимпиада ўйинларида «олтин» медал олган спортчи учун ваъда қилинган мукофот пули миқдори бўйича "кучли бешлик" қаторига кирди. Турнир ғолиби бўлган спортчиси учун Ўзбекистондан фақат Таиланд, Озарбайжон, Қозоғистон ва Филиппин кўпроқ мукофот ваъда қилган.

Олимпиададан «олтин» медаль билан қайтган ўзбекистонлик спортчига 200 минг доллар берилади. «Кумуш» учун 100 минг доллар, «бронза» учун эса 75 минг доллар ваъда қилинган. 

Нашрлар маълумотларига кўра, Таиланд «олтин» медаль учун 314 минг доллар, Озарбайжон 510 минг доллар мукофот беради. Таиландлик ғолиб спортчига мукофот пули бирданига берилмайди, у 20 йил давомида мукофот пулини ойма-ой олади. Бундай спортчига 1 300 доллар миқдорида ойлик тўлов тайинланади.

Қозоғистонлик спортчиларга биринчи ўрин учун 250 минг доллар, иккинчи ва учинчи ўринлар учун мос равишда 150 ва 75 минг доллардан мукофот пули ваъда қилинган.

Бу борада тўртинчи ўриндаги филиппинликлар эса ғолиб спортчи учун 237 минг доллар ваъда қилган, бу ерда ҳам Таиланддаги каби ҳолат кузатилади. Ўзбекистон 200 минг долларлик мукофот билан бешинчи бўлиб турибди.

Россия спортчиларга «олтин» медаль учун ҳозирги курсда 60 минг доллар, хитойликлар – 50 минг доллар, америкаликлар – 25 минг доллар ваъда қилган. Немислар бу борада охирги қаторларда - 19,5 минг доллар, Буюк Британияда эса Олимпиададаги ғалаба учун мукофот пули берилиши белгиланмаган.

Бразилиядаги 2016 йилги Олимпия ўйинлари 5-21 август кунларида ўтказилади.

Манба: Tribuna.uz