Эрон ядровий дастури бўйича қўшма ҳаракатлар режаси ишончли муносабатларга қурилмаган. АҚШ Давлат департаменти матбуот хизмати бошлиғи Жон Кирби 2 августда Эрон диний раҳнамоси ва раҳбари оятуллоҳ Али Ҳаменеийнинг сўзларига шундай изоҳ берди.

"Бу келишув ҳеч қачон ишончни назарда тутмаган. У текширув, келишув бандларига амал қилишни текширишнинг қаттиқ тартибини назарда тутган. Шунинг учун диний етакчининг барча сўзларига ҳурмат билан қарасак-да, келишув ҳеч қачон ишончга асосланиб қурилмаган", деб айтди Кирби журналистларга.  

Кирбининг айтишича, Теҳрон ва келишувнинг бошқа иштирокчилари ўз мажбуриятларини бажармоқдалар ва уни бажаришда давом этишларига умид қилади. Кирби Эрон Сурияга кўмак бериш халқаро гуруҳи аъзоси бўлиб қолишига ҳам умид билдирди.

1 августда Ҳаменеий ўтган йили Эрон ва олти давлат билан тузилган ядровий дастур бўйича келишув "душманларга ишониш мумкин эмаслигининг" яққол исботи бўлганини айтганди.

"Ҳеч қандай вазиятда душманларга ишониб бўлмайди. Бунга ядровий дастур бўйича келишув яққол намуна ва ишончли исбот бўлди. Бугун келишувда иштирок этган дипломатлар ҳам АҚШ ўз зиммасига олган мажбуриятларни бажармаётганини тан олмоқдалар. Уларнинг қуруқ ваъдалари ортида аслида Эроннинг бошқа давлатлар билан иқтисодий алоқаларига тўсқинлик қилиш ва уни барбод қилиш яширинади", деб айтганди Ҳаменеий Эрон жамоатчилиги билан учрашувда.