Америкалик тадбиркор Престон Хенн Ferrari компанияси устидан судга мурожаат қилди, деб хабар қилмоқда Autoweek. Италиянинг спорт машиналари ишлаб чиқарувчиси LaFerrari — Spider русумли супергибриднинг томи очиқ намунасини сотишдан бош тортган. 

Собиқ автопойгачи ва Форт-Лодердейл шаҳарчасидаги Swap Shop дўкони  хўжайини Хенн родстерга буюртма юборган, аммо рад жавобини олган. Шундан сўнг, тадбиркор Fiat Chrysler Automobiles (FCA) альянси директори Сержио Маркионнега шахсий мактуб йўллаб, депозит сифатида 1 млн долларлик чекни илова қилган. Аммо, тезда чек ўз эгасига қайтариб юборилган ҳамда компаниянинг жавоб мактубида Хеннга суперкар сотилмаслиги маълум қилинган. 

Тадбиркорнинг судга мурожаатида айтилишича, у 60 йилдирки Ferrari ишқибози ҳисобланади ва шу пайтгача «итальян маркасининг бир неча ўнлаб моделларига эгалик қилган. Хенн ҳозир ҳам Ferrari машиналарининг йирик тўпламига эга бўлиб, улар Swap Shop дўконига қўйилган. 

Мазкур тўпламда 275 GTB/C Speciale русумли машина «дунёнинг энг қиммат автомобили» бўлиши мумкин.

Хеннинг сўзларига кўра, у «учинчи шахслардан» Ferrari раҳбарияти Хенни LaFerrari Spider машинасига «номуносиб» деб топганини эшитган. 

«Бу хулоса ҳақиқатга мос келмайди ва Хенн обрўсига путур етказади. Шу билан бирга, дўстлари, бизнес ҳамкорлари ва жамоатчиликнинг бошқа аъзолари орасида кулгили ҳолатга қўяди», — дейилади мурожаатда. 

Хенн ишнинг ҳакамлик суди томонидан кўрилишини талаб қилиб, ўзига етказилган маънавий зарарни «75 минг доллардан кам эмас», деб баҳолаган.