БМТ охирги кунларда Сурияда 5 та шифохона авиазарбага учрагани ҳақидаги хабарларни олган. Шифохоналардан учтаси Ҳалабда жойлашган. Бу ҳақда журналистларга БМТ бош котибининг расмий вакили Стефан Дюжаррик маълум қилди. 

Унинг айтишича, БМТ бош котиби "Сурияда фуқаролик инфратузилмаси ва айниқса тиббиёт муассасаларининг барбод бўлиши давом этаётганидан ҳавотирланмоқда". "Охирги кунларда БМТ 5 та шифохона авиазарбаларга учрагани ҳақида хабар олди, улардан учтаси Ҳалабда, биттадан Даръа ва Идлибда жойлашган", деб айтди Дюжаррик. Унинг айтишича, БМТ манбалари маълумотларига кўра, зарбалар оқибатида ўнлаб одамлар, жумладан болалар ва ҳомиладор аёллар ҳалок бўлган.

Дюжаррик Ҳалабда жанговор ҳаракатлар оқибатида энергия ва сув таъминоти шикастлангани ва бутун шаҳар аҳолиси чироқ ва сувсиз қолиб кетганини маълум қилди. У Суриядаги ихтилофнинг барча томонларини шифохоналарга ва фуқаролик инфратузилмасининг бошқа объектларига ҳужумларни бас қилишга ҳамда халқаро ҳуқуқ доирасидаги ўз мажбуриятларини ҳурмат қилишга чақирди.

Бош котибнинг расмий вакили Фархон Ҳақнинг айтишича, авиазарбалар ҳақидаги ахборот ноҳукумат ташкилотларидан келиб тушган.