Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўған мамлакатда амалга оширилиши режалаштирилган исённи ўз вақтида пайқаб, унинг олдини ола билмагани учун  халқдан узр сўради. Бу ҳақда Anadolu ахборот агентлиги хабар тарқатган.

"Агар биз 2013 йили суд тизимида зарур чоралар қўлламаганимизда (2013 йилнинг 17 декабрида Туркияда Фатҳуллоҳ Гулен йирик коррупцион можарода айбланганидан кейин) ҳарбий давлат тўнтаришига уриниш кўлами янада кенгроқ бўларди. Исёнда фақат террорчилар эмас, уларнинг армия, суд тизимлари ва полициячилар ичидаги тарафдорлари иштирок этди.

Мен ҳаммасидан ҳам кўра, бу хоинларнинг асл юзини олдинроқ билмаганимиздан хафаман. Биламан, бунинг учун биз худо олдида ва халқ олдида жавобгармиз. Бизни кечиришларини сўраймиз", деган у Анқарадаги диний кенгашда қилган нутқида.

У яна бир бор Фатҳуллоҳ Гулен бошчилигидаги мухолифат вакилларига қарши ҳал қилувчи кураш олиб борилишини таъкидлаган.