Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Италиянинг RAI телерадиокомпаниясига "пул ювиш"да айбланаётган ўғлининг фаолияти тергови Туркия ва Италия ўртасидаги ҳамкорликка таъсир қилиши мумкинлигини айтди.  

"Агар менинг ўғлим бу вақтда Италияга қайтса ва ҳибсга олинса, бу Италия билан муносабатларимизда муаммолар келтириб чиқаради", деб айтди Эрдўған.

Эрдўған давлат тўнтаришига уринишни кескин йўл билан бостиргани сабабли Ғарб давлатлари томондан танқидга учрамоқда.  

"Италия менинг ўғлимга эмас, мафияга эътиборини қаратиши керак", деб айтди Эрдўған. 

Бунга жавобан Италия бош вазири Маттео Ренци "Италияда мустақил ҳуқуқий тизим" борлиги ва "судьялар Туркия президенти олдида эмас, Италия конституцияси олдида жавоб беришларини" айтди.

Италиянинг Болонья шаҳри прокуратураси 18 февралда тадбиркор Мурат Ҳакан Ҳузаннинг аризаси асосида Эрдўғаннинг ўғлига қарши иш қўзғатган. Унинг таъкидлашича, Эрдўған ўғли Италияга қонунийлаштириш мақсадида катта миқдордаги пулларни олиб кирган.  

Эрдўғаннинг ўғли Италияда Жон Ҳопкинс университети докторлик даражасини олиш учун изланиш ишларини олиб бормоқда.