Ҳиндистон ҳукумати "Брамос" қанотли ракеталари полкини мамлакатнинг шимоли-шарқида, Хитой билан чегаралари яқинида жойлаштиришни маъқуллади. Бу ҳақда Economic Times нашри ўз манбаларига таянган ҳолда хабар берган

Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди раҳбарлигидаги хавфсизлик масалалари бўйича комиссия жами қиймати 650 млн долларга яқин бўлган 100та ракетани харид қилиш лойиҳасини тасдиқлаган. Бу эса, Ҳиндистон армияси таркибидаги "Брамос" ракеталарининг тўртинчи полки бўлади. Ракеталардан ташқари, бешта муқобил кўчма учириш қурилмалари ва кўчма бошқарув пункти ҳамда бошқа ускуналар сотиб олинади.

Полк мамлакатнинг тоғли Аруначал-Прадеш штатига жойлаштирилади. Бу ерда Ҳиндистон ва Хитой ўртасида чегаралар борасида баҳсли ҳудудлар мавжуд. Мамлакатлар халқаро ҳамжамият томонидан тан олинган ҳарбийлардан холи чегара чизиғи хусусида бир тўхтамга кела олишмаган.