Индонезия ҳукумати оммалашиб улгурган Pokemon Go ўйинидаги махлуқларни овлашни мамлакатнинг барча мактабларида тақиқлашни режалаштирмоқда. 

"Ҳозирда, таълим муассасаларига ўйин ўрнатиш мумкин бўлган смартфонлар билан келишни тақиқлаш юзасидан махсус фармойиш тайёрланган", - дея маълум қилган Аёллар ҳуқуқлари ва имкониятларини кенгайтириш ҳамда болаларни муҳофаза қилиш масалалари бўйича вазири Йохана Сусана Йембисе журналистлар билан суҳбатда.

"Бу каби кўнгилочар машғулотлар болаларнинг ақлий ривожланишига сезиларли салбий таъсир кўрсатади. Уларни дангаса ва ялқовга айлантиради, шу боис биз эҳтиёт чораларини кўрмоқдамиз", - деган вазирлик раҳбари. 

Шу билан бирга, бу тақиқ қачондан кучга киришига ойдинлик киритилмаган. Унинг сўзларига кўра, Pokemon Go оммалашиб бораётгани "технологияларнинг тез суръатларда ривожланиб бораётгани билан изоҳланади, шу боис ота-оналар ҳам болаларини назорат қилиши ва уларнинг бундай қизиқишларга муккасидан кетишига йўл қўймасликлари мақсадга мувофиқ".

Буларнинг ўрнига "болаларни уларнинг қобилиятларини ривожлантирувчи бошқа машғулотлар билан банд қилиш лозим".

Таъкидланишича, Индонезия президенти саройи, полиция бош идораси ва мудофаа вазирлиги биноларида ҳам покемонларни овлашга расмий тақиқ жорий қилинган.