Ўзбекистон делегацияси Рио-де-Жанейро шаҳрига етиб келиб, жойлашганидан сўнг Олимпия шаҳарчасида мамлакат байроғини юқорига кўтаришга бағишланган маросим бўлиб ўтди. Бу ҳақда Миллий Олимпия Қўмитаси матбуот хизмати хабар қилди.

Ҳақиқий байрамона руҳда ташкил этилган маросимда Олимпия шаҳарчаси мери, баскетбол бўйича Бразилия терма жамоаси таркибида жаҳон чемпиони унвонига сазовор бўлган Жанет дус Сантуш Аркаин сўзга чиқиб, Ўзбекистон делегациясини XXXI ёзги Олимпия ўйинларига ташрифи билан муборакбод этган ва барча ўзбекистонлик спортчиларга бўлажак мусобақаларда омад ва зафарлар тилаган.

«Давлатимиз байроғи кўтарилишига бағишланган тадбир ҳаётимдаги энг ёрқин дамлардан бири сифатида муҳрланади. Қалбимни кучли ҳаяжон чулғаб олди. Биласизми, ўша дамдаги ҳолатни ҳозир икки оғиз сўз билан таърифлаб бера олмайман. Кўзларимда қувонч ёшлари пайдо бўлди. Ишонч билан айтаманки, XXXI ёзги Олимпия ўйинларида муносиб иштирок этиб, халқимиз, президентимиз ишончларини оқлаш учун бор маҳоратимизни ишга соламиз», — деди таэквондо бўйича амалдаги жаҳон чемпиони Дмитрий Шокин.

«Қалбимизда озод ва обод юртимизга бўлган ҳурмат ва эҳтиромни, фахр ва ифтихор туйғуларини янада жўш урдирди. Биз тўрт йилликнинг энг йирик спорт байрамида ҳам Ўзбекистон ёшлари ҳеч кимдан кам эмаслиги ва ҳеч қачон кам бўлмаслигини намоён этишга астойдил бел боғлаганмиз. Ниятимиз Рио—2016 ўйинларида ҳам ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб, жонажон диёримизга ёруғ юз билан қайтиш», — дейди юнон-рим кураши бўйича терма жамоа аъзоси Элмурад Тасмурадов.

Байрам тадбирида Рио—2016 Олимпиадасида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилувчи спортчилар иштирок этди. Энди Ўзбекистон байроғи йирик спорт фестивалида ўз спортчилари билан иштирок этадиган мамлакатлар байроғи қаторида олимпия ўйинлари якунига қадар ҳилпираб туради.