Samsung Unpacked 2016 махсус тадбиридаги тақдимотда Samsung компанияси вакиллари кўз пардаси сканерига эга янги Galaxy Note 7 смартфонини тақдим қилдилар. Тақдимот YouTube’да жонли эфирда узатилди

Умуман олганда, смартфон дизайни Galaxy Note’нинг охирги авлоди каби Galaxy S7 ва S7 Edge смартфонларини эслатиб юборади. Смартфон сув ва чангдан ҳимояланган, 2560x1440 пикселли, четлари қайрилган 5,7 дюймли экранга эга, ичидаги қисмлари S7 Edge’га тўлиқ мос келади. Galaxy Note 7 икки модификацияда – Qualcomm Snapdragon 821 ёки Samsung Exynos 8893 процессори билан ишлаб чиқарилади. 

 Смартфоннинг ички хотираси 64 Гбдан бошланади, тезкор хотираси 4 Гб ни, асосий камери 12 Мп ни, олд камера 5 Мп ни, аккумулятор сиғими 3500 мА•соатни ташкил қилади.

Galaxy Note 7 смартфонлари Android 6.0 Marshmallow операцион тизими билан бирга чиқарилади, бироқ компанияда операцион тизимни 7.0 Nougat версиясигача янгилаш мумкинлиги айтилди.

Смартфон сувда ишлай оладиган ҳамда 4096 та босиш даражасини қўллаб-қувватлайдиган S Pen стилуси билан бирга ишлайди: қурилманинг янги версиясида унинг учи қалинлиги кичрайтирилди, бу экранда аниқроқ кўрсатиш ва енгилроқ чизишга имкон беради. Samsung вакилларининг айтишича, компания баъзи компаниялардан фарқли ўлароқ, стилусни алоҳида сотиб олиш ва алоҳида қувватлашга мажбур қилмайди. Гап Apple‘нинг iPad Pro учун iPencil стилуси ҳақида кетмоқда, у алоҳида сотилади ва қувватланиб турилиши керак.

Кўз пардаси сканери смартфонга ўрнатиладиган виртуал реаллик шлеми Gear VR билан биргаликда ишлатилиш учун мўлжалланган. Фойдаланувчи шлемни кия туриб, уни шундай жойлаштирадики, сканер кўз тўғрисида жойлашади ва кўз пардасининг сканерланиши авторизация вақтида хавфсизликни ошириш учун хизмат қилади.

Кўз пардаси сканери ёрдамида смартфон, баъзи дастурлар ва махсус папкадаги контентни блокдан чиқариш мумкин.

Galaxy Note 7’нинг нархи ҳозирча номаълум. Смартфон АҚШда 16 августдан сотувга чиқарилади, буюртмалар эса 3 августдан олина бошланади. Россияда смартфон 26 августдан савдода пайдо бўлади.