Украина Олий радаси депутати Надежда Савченко Украина ҳарбий парадлар ўтказишдан воз кечиши кераклигини айтди.

"Украина мустақиллик кунида улар ўтказмоқчи бўлаётган бутун ҳарбий парад яхшиси фронтнинг олдинги қаторларига юборилсин, жанговор ҳаракатларга сафарбар этилган одамларнинг демобилизация қилинишига имкон берилсин", деб айтди Савченко Украинанинг NewsONE телеканали эфирида.

У "бундай нотўғри бошқарув, инсон ва молиявий ресурслардан нооқилона фойдаланишни" тушуна олмаслигини айтди ва ҳарбий парадлардан воз кечишни таклиф қилди. 

"Парадлар аввал бўлмаган, улар Собиқ иттифоқ замонларида киритилган ва бу ҳаттоки урушдан кейиноқ ҳам бўлмаган. Давлатимизда уруш кетаётган бир пайтда бизда парадлар давом этмоқда. Назаримда, бу таҳқирлаш, фронтнинг олд қаторларида пойабзалсиз ва формасиз турган жангчиларнинг юзига туфуришдир", деб айтди Савченко.

Аввалроқ Украина президенти Пётр Порошенко 24 августда – Украина мустақиллиги кунида ҳарбий парад ўтказилиши ҳақидаги фармонни имзолаганди.

Порошенко Украина ҳукуматига парадга тайёгарчилик кўриш билан боғлиқ тадбирларни молиялаштиришни, Давлат телевидение ва радио қўмитасига унинг трансляциясини таъминлашни буюрганди.

Президент маслаҳатчиси Юрий Бирюков парадда 200 га яқин техника бирлиги Киев марказидан ўтишини маълум қилган.