Семиз одамга кийим тикиш қийин иш. Бир ёнини ёпсанг, бошқа томони бўртиб чиқади, елкасини узун қилсанг, бели очилиб қолади. «Барселона»нинг трансфер сиёсати ҳам мана шу семиз одамга ўхшайди. Ҳар йили катта пуллар сарфлаб, номдор футболчиларни олиб келишади да, нимадир қолиб кетади. Доим ё елка, ё бел очиқ...

Бу йил жамоа ўзига хос, ноодатий трансфер кампаниясига қўл урди. Мухлислар ниҳоят жамоага яхши ҳимоячилар келганидан қувонишди.

Самюэль Умтити. Европа чемпионати кашфиёти  бўлган ҳимоячи шубҳасиз жамоани кучайтиради. Тан олиш керак, Пуйоль кетганидан кейин «Барселона» марказий ҳимоячидан ёлчимаётган эди. Пике-чи деманг, унинг қандай «ажойиб» ҳимоячи эканини кўп кўрганмиз. Умтити ёзги трансфернинг энг асосий хариди десак, бўлаверади.

Люк Динь. «ПСЖ»дан келган бу ҳимоячи 2013 йилги ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида Погба бошчилигидаги французлар Ўзбекистон терма жамоасини мағлуб этганида ўша таркибда бор эди. У чап қанот ҳимоячиси. «Барселона»да бу қанотни Альба ўзиники қилиб олган. Шундай экан, Динь катта эҳтимол билан, захирадан асосий таркибга қўшилиш учун ҳаракат қилади.

Денис Суарес. Ярим ҳимоячи, тўғрироғи, таянч ярим ҳимоячиси. «Барселона»да таянч ярим ҳимоячисидан ҳам кўпи борми ҳозир? Шундай бўлишига қарамай, жамоа яна бир марказ футболчисини сотиб олди. Унинг асосий таркибдан ўрин олиши қийин масала.

Андре Гомеш. «Барселона»нинг энг қиммат хариди. Жамоа Португалия терма жамоаси футболчиси учун 70 миллион евро тўлади. Яна бир таянч ҳимоячиси. Лекин асосий таркибга кириш имкони катта.

Энди чойни ҳўплаб, асосий таркибни чамаласак нима дейсиз? Хўш, футболда 11 киши ўйнайди. «Барселона»да уч ҳужумчи ўйнаши аниқ, битта дарвозабон ҳам. Дарвозада Браво туради.

Ҳимоя. Испанияда уч ҳимоячи билан ўйнаш урф эмас, шу сабаб тўрт ҳимоячи танлаш керак. Марказда Пике ва Умтити ўйнаши ҳақиқатга яқин. Чап қанотда Ҳорди Альба. Ўнг қанотга келганда, тилга тушов тушади. Дани Алвес кетди, ўнг қанотни эплаб турган Мартин Монтойя ҳам кетди. Бэйлнинг фантастик юришини ўнг қанотдан ўтказиб юборган Бартра ҳам кетди. Адриано ҳам кетди. Ким қолди? Ҳозирча ўнг қанотда ҳеч ким йўқ. Балки Динь шу сабаб олингандир, лекин чап қанотда ўйнаб юрган йигит ўнгда… Билмадим.

Ўзи, «Барселона»нинг ҳимоячилар ҳақидаги «афсонаси» Чигринскийдан бошланиб, Вермаленгача тақалади. Пуйолдан бошқа барқарор, эплаб тўпни қайтарадиган ҳимоячини эслай оласизми? Пикени биламиз. Дани Алвес доим ўйиндан ташқари ҳолатда. Шу сабаб Умтити мавсум олдидан жамоанинг энг яхши хариди бўлди.

Тўғриси, «Барселона»да футболчи кўпайиб кетди. Айниқса, майдон марказида. Юқорида айтганимиздай жамоада уч ярим ҳимоячи ўйнайди. Улардан иккиси Бускетс ва Иньеста. Яна биттаси ким? Андре Гомешми, Хавьер Маскераноми ёки Иван Ракитичми? Арда Турон ва Сержи Робертони ҳам эсдан чиқармаслик керак. Рафинья ҳам жароҳатидан қутилмоқда. Бундай футболчилар захирада ўтиришга кўнмас? Шу сабаб «Барселона» энди футболчи сотиб олиши эмас, сотиши керак. Кучли футболчиларни захирада олиб ўтириш увол-ку! Марказий ҳужумчи керак дейишяпти, лекин захира ҳужумчиси вазифасини Мунирнинг ўзи эплаб кетади. Агар «Барселона» биттагина ўнг қанот ҳимоячисини сотиб олса, бемалол чемпионлик учун асосий даъвогар деб қараш мумкин бўлади. Бельерин ҳақида миш-мишлар бўлди. Агар бу трансфер амалга ошса, жамоа кучаяди. Бу аниқ.

Хуллас, «семи-из» «Барселона»нинг тушунарсиз трансфер сиёсати ҳақида ҳозирча шулар. Бошқа гаплар бўлса, сиз билан бўлишармиз…

 

Ўткир Жалолхонов