Европа Иттифоқи суди Европа Иттифоқи Кенгаши Украинанинг собиқ президенти Виктор Януковичнинг ўғли Виктор Викторович Януковичга қарши қўйган санкцияларни ноқонуний деб топди. Бу ҳақда Янукович ўғлининг манфаатларини ҳимоя қилувчи компания матбуот-баёнотида маълум қилинди. 

"Суд Украина ҳукумати Виктор Януковичга нисбатан давлат мулкининг талон-тарож қилиниши ҳақида бирор-бир исбот келтира олмади деган хулосага келди. Исботларнинг йўқлиги шунчалик аён эдики, Европа Иттифоқи суди бу масаланинг оғзаки кўрилишини ўтказмасликка қарор қилди", дейилмоқда хабарда.

Таъкидланишича, суднинг қарорида санкцияларнинг бекор қилиниши келтирилган зиённи қоплашнинг бир қисми бўлиши айтилган, чунки уларнинг киритилиши Виктор Викторович Януковичнинг Олий рада депутати сифатидаги обрўсига салбий таъсир қилган.