Тиш ипининг самарадорлиги исботланмади. Бу ҳақида Associated Press маълум қилди.

2015 йилда Associated Press (AP) агентлиги АҚШ ҳукуматига тиш ипидан фойдаланишнинг самарадорлигини исботловчи далиллар тақдим этишни сўраб мурожаат қилди. 

2016 йилда эса ҳукумат бундай тозалаш усулини “Америкаликлар учун парҳез кўрсатмалар” расмий рўйхатидан олиб ташлаб, тиш ипининг самарадорлиги ҳақиқатда исботланмаганини тан олиб, агентликка хат йўллади.

Америка стоматологлари ассоциациясининг сайтида бундай ипдан фойдаланиш тиш касалликларининг олдини олишида ёрдам бериши ҳақида маълумот берилган. Бироқ AP ходимлари бу кўрсатмаларнинг асоссиз эканлигини аниқлашди. 

Шахсий тадқиқот доирасида агентлик сўнгги йилларда ўтказилган 25 тадқиқотни ўрганиб чиқди ва уларда келтирилган далилларни “заиф”, “паст сифатли” ёки “ишончсиз” дея баҳолади. 

Манбага кўра, тиш ипларининг ишлаб чиқарилиши ва сотуви ҳажми йилига 2 миллиард долларни ташкил қилади. Ушбу гигиена воситасини ишлаб чиқарувчилар ҳам уларнинг фойда беришига доир зарур далил келтира олишмади.