Тожикистон мобиль операторлари терроризм таҳдидлари туфайли, аввал сотилган барча сим-карталарни қайта рўйхатдан ўтказиши керак бўлади. Бу ҳақда, мамлакат ҳукумати ҳузуридаги Алоқа хизматининг алоқаларни мувофиқлаштириш бошқармаси раҳбари Жонибек Дадоматов маълум қилган. 

Алоқа хизмати маълумотларига биноан, жорий йилнинг 1-июль ҳолатига кўра, республикада рўйхатга олинган мобиль телефон рақамлари сони 10 млнни ташкил этади, шундан 4,9 миллиони фаол рақамлардир. 

Сўнгги йилларда мобил алоқа операторлари сим-карталарининг 70 фоиздан ортиғи бирон ҳужжат тақдим этилмасдан тарқатилган. Бундан ташқари, Тожикистон мобиль операторларининг сим-карталари Афғонистон шимолида ҳам сотилган. 

Эндиликда, ҳукумат қарорига мувофиқ, янги сим-карталар фақатгина паспорт кўрсатилганда сотилади, эски сим-карталарни қайта рўйхатга олиш бир йил давомида амалга оширилади. 

Шу билан бирга, унинг қайд этишича, Давлат Алоқа хизмати Тожикистон мобиль операторларининг сим-карталаридан Афғонистондаги террорчи ва экстремист гуруҳлар фойдаланишининг олдини олиш борасида зарур чоралар кўрган.