АҚШ президентлиги учун сайловда  Республикачилар партиясидан номзод бўлган миллиардер Дональд Трамп мамлакатнинг амалдаги президенти Барак Обаманинг ўзи ҳақидаги салбий фикрига кескин жавоб қайтарди. У  Обамани мамлакатнинг бутун тарихидаги энг ёмон президент сифатида баҳолаган.

«Президент Обама тарихга киради, Қўшма штатларнинг энг ёмон президенти сифатида!» — дея ёзган Трамп ўзининг Twitter ижтимоий тармоғидаги саҳифасида.

Шунингдек, Трампнинг сайтида америкаликлар етакчиси кескин танқид қилинган.

"Президент Обама — омадсиз етакчи, у Давлат котиби Клинтон билан бирга шундай ташқи сиёсат юритдики, дунёда беқарорлик юзага келди. У ҳам, унинг издоши Ҳиллари Клинтон ҳам президент бўлишга шунчаки номуносиб", — дея қайд этган миллиардер.

У Обама ва Клинтонни Яқин Шарқдаги вазиятни издан чиқариб, Ироқ, Ливия ва Сурияни ИШИД қўлига топширишда,  Бенгазида дипломатларнинг ўлимига йўл қўйишда айблаган.

"Бундан ташқари улар Эроннинг ядровий дастурини ривожлантиришига йўл қўйиб беришди. Кейин улар ўнлаб уруш фахрийларининг тиббий ёрдам кута-кута ўлиб кетишига йўл қўйишди", — дея қўшимча қилган Трамп.

АҚШ президенти Барак Обама бундан олдинроқ ўз чиқишида Трампнинг мамлакатни бошқаришга қодир эмаслигини айтганди.

Президент Трампнинг америкалик мусулмонларга муносабатини эслатган ва ташқи сиёсат, хусусан, Европа, Яқин Шарқ ҳамда Осиё масаласида тушунчага эга эмаслигини таъкидлаган.

Обама Республикачилар партияси вакилларига юзланиб, уларни Трампни қўллаб-қувватлагани учун танқид қилганди.

"Гап сиёсий қарама-қаршиликда эмас. Сизлар номзодни саралай билмадинглар", деганди у.